“Ёш оилалар форуми” ўтказилди
Сайхунобод туманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 20 апрелдаги “Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030” стратегиясини тасдиқлаш ҳамда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари" тўғрисидаги Фармони ҳамда унда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида “Ёш оилалар форуми” ташкил этилди.
Ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, ёшларни масъулиятли оилавий ҳаётга тайёрлаш ҳамда жамиятда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш мақсадида ўтказилган форумда туман ҳокимлиги ва тегишли ташкилотлар вакиллари, туман хотин-қизлар фаоллари, туман имом-хатиби, отинойилар, “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари ҳамда “Ибратли оила” кўкрак нишони соҳиблари иштирок этдилар.

Тадбир давомида оиланинг жамият тараққиётидаги ўрни, эр-хотин ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва масъулият, фарзанд тарбиясида ота-онанинг бурчи ҳамда миллий ва маънавий қадриятларни асраб-авайлаш масалалари юзасидан маърузалар ва очиқ мулоқотлар ўтказилди.
Иштирокчилар томонидан ёш оилалар ўртасида соғлом муҳитни шакллантириш, ажримларнинг олдини олиш, шунингдек, намунали оилалар тажрибасини кенг тарғиб этиш бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

“Ибратли оила” кўкрак нишони соҳиблари ўз ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашиб, ёшларга оилавий тотувлик, сабр-тоқат, ўзаро ҳурмат ва ишончни мустаҳкамлашнинг аҳамияти ҳақида тавсиялар бердилар.
– Мазкур форум ёш оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий, маънавий ва ижтимоий билимларини ошириш, оилавий барқарорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, ажримларнинг олдини олиш, соғлом оилавий муҳитни шакллантириш ва намунали оилалар тажрибасини кенг тарғиб қилиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан ҳисобланади. Форум давомида кўтарилган масалалар келгусида амалий чоралар ишлаб чиқишга хизмат қилади, – деди туман ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Нодира Мирзаева.
Тадбир якунида масъуллар ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ҳамда ижобий тажрибаларни оммалаштириш ишлари изчил давом эттирилишини таъкидладилар. Форум кўтаринки руҳда ўтиб, иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири