Ёш мусаввирлар учун халқаро танлов бошланди
Ўзбекистонлик ёш санъаткорлар халқаро арт-танловда иштирок этиб, Италиядаги 61-Венеция биенналесига сафар грантини қўлга киритиш имкониятига эга бўлади.
Мазкур танлов Туркиянинг “Hitay” фонди томонидан Туркий давлатлар ташкилоти кўмагида ташкил этилмоқда. Бу йилги танловда илк бор Ўзбекистон вакиллари ҳам иштирок этади. Шунингдек, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Венгриядаги бадиий олий таълим муассасалари талабалари ҳам ўз ижодий ишларини тақдим этиши мумкин.
Танлов якунларига кўра, энг яхши 10 нафар иштирокчи Италияда бўлиб ўтадиган 61-Венеция биенналесига 7 кунлик, барча харажатлари қопланган сафар гранти билан тақдирланади.
– Ушбу тадбир замонавий санъат соҳасидаги энг нуфузли халқаро кўргазмалардан бири ҳисобланади. Биз танлов орқали ёш ижодкорларга жаҳон санъати билан танишиш, янги ғоя ва ёндашувларни ўрганиш имкониятини яратишни мақсад қилганмиз. Турли мамлакатлар рассомлари ўртасида тажриба алмашинуви ва халқаро алоқаларни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга”, – дея таъкидлади “Hitay” фонди асосчиси ва раиси Эмин Ҳитай.
Танловда тасвирий санъат, ҳайкалтарошлик ва фотография йўналишларида таҳсил олаётган бакалавриат ҳамда магистратура талабалари иштирок этиши мумкин. Аризалар 2026 йил 30 июнга қадар қабул қилинади.
“Maslov:tashkent” жамоатчилик билан алоқалар агентлигининг маълум қилишича, “Hitay” фонди 2019 йилда тадбиркор ва санъат коллекционери Эмин Ҳитай томонидан ташкил этилган. Фонднинг асосий мақсади санъат соҳасида фаолият юритаётган ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг халқаро майдонда ўзини намоён этишига кўмаклашишдан иборат.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА