“Ёш китобхон” танлови ғолиблари аниқланди
Навоий шаҳридаги Ёшлар марказида “Ёш китобхон” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Унда китобхон ёшлар 10-14, 15-19 ва 20-30 ёш тоифасида ўзаро беллашди.
Халқимиз азал-азалдан китобни қадрлаган, уни авайлаб асраган. Чунки китоб ақлни чархлайдиган, инсонни маънавий камолот сари етаклайдиган бебаҳо воситалардан бири ҳисобланиб, инсон қалбида Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, одамларда меҳр-оқибат туйғуларини камол топтиришда муҳим ўринга эга. Зеро, китоб ўқиган кишининг маънавияти юксалиб, дунёқараши кенгайиб бораверади.
[gallery-28908]
Бугунги кунда ҳам аҳоли, айниқса, ёшларда китобга қизиқиш, мутолаа маданиятини юксалтириш тобора муҳим аҳамият касб этиб бормоқда. Бу танловнинг вилоят босқичида яна бир бор намоён бўлди.
Ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларни баҳолашда уларнинг белгиланган китобларни ўқигани, асарнинг мазмун-моҳиятини тушунгани ва уни таҳлил қилиб бера олиш қобилиятига алоҳида эътибор қаратишди.
“Бадиий асарлар билимдони” шартида иштирокчилар ўзбек ва жаҳон адабиётининг сара намуналари бўйича билимларини намоён этиб, асарларнинг мазмун-моҳияти, ғояси ва бадиий қиммати ҳақида эркин фикр билдирдилар.
“Тезкор савол-жавоб” шартда эса иштирокчиларнинг ҳозиржавоблиги, зеҳни ўткирлиги ва кенг дунёқараши синовдан ўтказилди.
Якуний натижаларга кўра, танловнинг 10-14 ёш тоифасида Қизилтепа туманидан иштирок этган Навбаҳор Раҳматова, 15-19 ёш тоифасида Навоий шаҳридан Азиза Нажмиддинова, 20-30 ёш тоифасида эса Учқудуқ туманидан келган Лайло Пардаева ғолиб деб топилди. Улар энди танловнинг республика босқичида иштирок этади.
Барча ғолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари билан мукофотланди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари