Ёш авлод – устознинг касбий қиёфаси
Боланинг билимга муносабати кўпинча устозининг биргина саволи, тушунтириши ёки унга билдирган ишончидан бошланади. Ўқувчидаги қобилиятни пайқаш, фикрини эшитиш, хатосини тушунтириш ва яна уриниб кўришга ундаш ўқитувчидан чуқур билим билан бирга катта педагогик маҳоратни талаб қилади.
Биз Педагогика университетида таълим берар эканмиз, ҳар бир талабамиз тимсолида келажакда юзлаб болаларнинг ҳаётига таъсир кўрсатадиган устозни кўришимиз керак.
Шу маънода, устоз тайёрлаш мамлакатнинг келгуси тараққиёти учун масъулият олишдир. Мактабга кириб бораётган ёш мутахассиснинг билими, дунёқараши ва муомала маданияти эртанги авлод тарбиясида намоён бўлади. Педагогик таълимга қўйилаётган талабларнинг моҳиятини ҳам шу масъулият орқали англаш лозим.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида таълимга қаратилаётган эътибор замирида инсоннинг ўз қобилиятини рўёбга чиқариши, билим ва меҳнати билан муносиб ҳаёт кечириши учун шароит яратиш мақсади мужассам. Муаллимнинг жамиятдаги обрў-эътиборини мустаҳкамлаш ва янги авлод педагогларини тайёрлаш ушбу мақсадга хизмат қиладиган, бир-бирини тўлдирадиган вазифалардир.
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 1 сентябр куни мактаб ўқувчилари ва устоз-мураббийларига йўллаган табригида таълим-тарбияни ривожлантиришга бундан буён ҳам устувор аҳамият қаратилиши таъкидланди. Ёшларнинг пухта билим олиши, замонавий касб-ҳунарларни эгаллаши, она тили ва миллий маданиятини чуқур билиши билан бирга жаҳон илми ютуқларини ўзлаштириши олдимиздаги вазифалар мазмунини белгилайди. Бу талаблар, аввало, шундай авлодни тарбиялай оладиган ўқитувчини тайёрлашга дахлдордир.
Муаллимга эҳтиромнинг мустаҳкам асоси
Халқимиз ҳаётида устозга ҳурмат алоҳида ўрин тутади. Бугун бу ҳурмат давлатнинг ҳуқуқий кафолатлари билан мустаҳкамланмоқда. Конституциямизнинг 52-моддасида ўқитувчи меҳнатининг жамият тараққиёти ва авлод тарбиясидаги ўрни эътироф этилиб, унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, фаровонлиги ҳамда касбий ўсиши ҳақида ғамхўрлик қилиш давлат зиммасидаги вазифа сифатида белгиланган.
2024 йил 1 февралда қабул қилинган «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги Қонун ушбу ёндашувнинг амалий асосларини кучайтирди. Унда педагогнинг касбий фаолиятига ноқонуний аралашишга, уни касбига алоқадор бўлмаган ишларга жалб этишга, зиммасига вазифасига тааллуқли бўлмаган ҳисоботларни юклашга қарши кафолатлар белгиланган. Бунинг таълим учун аҳамияти жуда аниқ: ўқитувчининг вақти ва салоҳияти дарсга, ўқувчи билан ишлашга, ўз устида изланишга йўналтирилиши керак.
Муаллимнинг обрў-эътибори кундалик муносабатларда ҳам кўринади. Унинг касбий фикрини эшитиш, дарсга тайёргарлик вақтини қадрлаш, мактаб ҳаётига оид қарорларда тажрибасига таяниш зарур. Педагогни қўллаб-қувватлаш маданияти таълим муассасаси раҳбаридан бошлаб ота-онагача бўлган ҳамкорликда шаклланади. Қонуний кафолатнинг мактаб ҳаётида ишлаши ана шу муносабатга ҳам боғлиқ.
Айни пайтда, устозлик юксак касбий масъулиятни талаб этади. Бола шаънини ҳурмат қилиш, баҳолашда адолатли бўлиш, ўқувчини камситмаслик, ота-она билан вазмин мулоқот олиб бориш педагог фаолиятининг ажралмас мезонларидир. Ўқитувчига бўлган ишонч унинг билимида ва ҳар кунги хатти-ҳаракатида мустаҳкамланади. Педагогнинг ҳуқуқларини асраш билан боланинг манфаатларини ҳимоя қилиш бир мақсадга, соғлом таълим муҳитини яратишга хизмат қилади.
Бўлажак ўқитувчи буларни талабалик давридан англаб бориши зарур. Университетдаги адолатли баҳолаш, профессор-ўқитувчининг талабага ҳурмати ва илмий ҳалоллиги ёшлар учун касбий намуна бўлади. Шунинг учун устоз тайёрлайдиган олийгоҳнинг ўзида талабчанлик ва ҳурмат уйғунлашган муҳит бўлиши керак. Талаба келажакда мактабга ўзи кўрган муомала ва ўқитиш маданиятини ҳам олиб боради.
Педагогик таълим олдидаги янги масъулият
Президентимизнинг 2025 йил 28 апрелдаги «Педагог кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони педагогик таълимни янгилашнинг муҳим йўналишларини белгилади. Фармонга мувофиқ, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети негизида Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети ташкил этилиб, унга мамлакатимизда педагог кадрлар тайёрлаш бўйича етакчи олий таълим ташкилоти вазифаси юклатилди.
Мазкур ҳужжатда таълим дастурларини халқаро тажриба асосида такомиллаштириш, дуал таълим имкониятларидан кенг фойдаланиш ҳамда илм-фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, 2026/2027-ўқув йилидан педагогика соҳасида таҳсил олаётган талабалар билимини ташқи диагностика қилиш тизимини жорий этиш белгиланган. Бундай ёндашув тайёрланаётган мутахассиснинг билимига холис баҳо бериш заруратини кучайтиради.
Биз бу вазифаларни университет фаолиятининг мазмунига қўйилган талаб сифатида қабул қилишимиз лозим. Етакчи олийгоҳ сифатидаги масъулият ўқув дастуридан тортиб талабанинг мактабдаги илк дарсигача бўлган жараёнда сезилиши керак. Бунинг учун қайси билим ва кўникмалар етишмаётганини аниқлаш, ўқитиш усулларини қайта кўриб чиқиш ва натижани мунтазам баҳолаш талаб этилади.
Педагог тайёрлашда ўқув дастурининг ҳар бир қисми бўлажак касб билан боғланиши муҳим. Масалан, ёш психологиясини ўрганган талаба ўқувчининг дарсдаги тортинчоқлиги ёки эътиборсизлиги ортида қандай сабаблар бўлиши мумкинлигини таҳлил қила олиши керак. Баҳолаш назариясини билган талаба эса боланинг хатосини аниқлаб, уни тузатишга ёрдам берадиган топшириқ туза олиши лозим. Билим ана шундай амалий ҳаракатга айланганда касбий тайёргарликнинг сифати кўринади.
Университет учун ўз битирувчисининг кейинги фаолияти ҳам муҳим мезондир. У мактабда қайси вазифани мустақил бажара оляпти? Қайси мавзуни тушунтиришда қийналяпти? Синфни бошқариш ёки ота-она билан мулоқотда қандай ёрдамга муҳтож? Шу саволларга олинган жавоблар ўқув дастурларини яхшилаш учун асос бўлиши керак. Битирувчи билан алоқа диплом берилган кунда узилиб қолмаслиги лозим.
Мактаб эҳтиёжи билан боғланган тайёргарлик
Мактаб ўқитувчидан ўз фанини билишни, шу билимни турли қобилият ва тайёргарликка эга болаларга тушунтира олишни кутади. Бир синфда мавзуни тез илғайдиган, кўпроқ мисолга эҳтиёж сезадиган, савол беришга тортинадиган ўқувчилар бўлади. Уларнинг ҳар бири билан ишлаш учун педагог вазиятни кузатиши, усулини танлаши ва ўз қарорини асослай олиши керак.
Шу сабабли талабанинг мактаб амалиёти аниқ касбий вазифалар атрофида ташкил этилиши зарур. Дастлаб тажрибали устознинг дарсини кузатиш, кейин дарснинг муайян қисмини тайёрлаш, сўнг мустақил машғулот ўтказиш ўзаро боғланган босқичлар бўлиши мумкин. Ҳар бир босқичдан кейин талаба мураббий билан бирга ўз фаолиятини таҳлил қилиши керак. Қайси савол болани ўйлантиргани, қайси изоҳ тушунарсиз бўлгани муҳокама қилинса, амалиётнинг таълимий қиймати ортади.
Бунинг учун университет ўқитувчиси ва мактабдаги мураббий бир хил касбий мезонларга таяниши муҳим. Талаба дарс мақсадини белгилай олдими, вақтни тўғри тақсимладими, барча ўқувчиларни жалб қилдими, ўзлаштиришни текширдими? Бундай мезонлар талабанинг кучли томонлари ва ривожлантириши зарур бўлган кўникмаларини кўрсатади. Унга берилган аниқ тавсия кейинги дарсида синаб кўрилиши керак.
Амалиётнинг мазмунини яхшилаш мактабдаги тажрибали педагог меҳнатини ҳам қадрлашни талаб қилади. Ёш ҳамкасбига дарс таҳлили, методик маслаҳат ва касбий кўмак берадиган устоз кадр тайёрлаш жараёнининг муҳим иштирокчисидир. Унинг тажрибасини университетдаги машғулотларга олиб кириш, талабалар билан муҳокама қилиш фойдали. Бу ҳамкорликда мактабнинг реал эҳтиёжи ва олийгоҳнинг илмий имконияти бирлашади.
Бошланғич таълимга тайёрланаётган мутахассис учун боланинг матнни англаб ўқиши ва фикрини ифодалаши қандай шаклланишини чуқур билиш зарур. Табиий фанлар ўқитувчиси эса кузатиш ва тажриба орқали хулоса чиқаришга ўргата олиши керак. Ҳар бир йўналишда амалий тайёргарлик фан хусусиятидан келиб чиқиши лозим. Шу тариқа умумий педагогик билим муайян дарснинг мазмуни билан бойийди.
Янги авлод устозининг касбий қиёфаси
Янги авлод мутахассиси деганда ўз фанини чуқур эгаллаган, мустақил фикрлайдиган, болани тушунадиган ва ўрганишни давом эттирадиган педагогни назарда тутамиз. У ўқувчига тайёр жавобни етказиш билан чекланмай, саволнинг моҳиятини англашга, далил излашга ва хулосасини тушунтиришга ёрдам бериши керак. Бундай ўқитувчи дарсда фикрлаш учун имконият яратади.
Фан бўйича пухта тайёргарлик бу касбий қиёфанинг асосидир. Методик усул қанчалик жозибали бўлмасин, унинг ортида аниқ билим туриши керак. Талаба ўзи тушунмаган ҳодисани болага содда ва тўғри тушунтира олмайди. Шунинг учун педагогик таълимда мутахассислик фанларини чуқур ўрганиш билан уларни ўқитиш методикасини ўзлаштириш бир-бирини тўлдириб бориши лозим.
Ўқитувчининг нутқи ҳам алоҳида эътибор талаб қилади. Мураккаб тушунчани содда ифодалаш, саволни аниқ қўйиш, боланинг жавобини сабр билан эшитиш амалий машқ орқали ривожланади. Талабаларнинг қисқа дарслар ўтиши, бир мавзуни турли ёшдаги ўқувчиларга мослаб тушунтириши, ўз чиқишини таҳлил қилиши фойдали. Равон нутқ дарсдаги мулоқотни яхшилайди ва билимни тушунишни енгиллаштиради.
Бугунги педагог учун рақамли саводхонлик ҳам зарур. Электрон ресурсни танлашда унинг мазмуни, ишончлилиги ва ўқувчи ёшига мослигини баҳолаш керак. Сунъий интеллект воситалари топшириқ вариантларини тузиш ёки қўшимча материал излашда ёрдам бериши мумкин. Бироқ улар тақдим этган маълумотнинг тўғрилигини текшириш, боланинг шахсий маълумотларини асраш ва муаллифликка ҳурмат билан муносабатда бўлиш масъулияти педагог зиммасида қолади.
Талабанинг мустақил фикрини баҳолаш усуллари ҳам шунга мос ривожланиши зарур. Масалан, тайёр матнни топшириш билан бирга унинг мазмунини оғзаки асослаш, дарс ишланмасини амалда кўрсатиш ёки танланган усулнинг сабабини тушунтириш талаб этилиши мумкин. Шунда рақамли имкониятлардан фойдаланиш ва ҳақиқий касбий тайёргарлик ўртасидаги боғлиқлик сақланади. Технология ўқитувчининг фикрлаши ва масъулиятини кучайтиришга хизмат қилиши керак.
Ҳар бир боланинг имкониятини кўра олиш
Таълим сифати ҳақида гапирганда ҳар бир боланинг ўрганиш имкониятини эътиборга олиш зарур. Синфдаги ўқувчиларнинг ривожланиш суръати, эҳтиёжи ва ҳаётий шароити турлича бўлиши мумкин. Педагог шу фарқларни сезиши, зарур ҳолларда психолог ва бошқа мутахассислар билан ҳамкорлик қилиши керак. Боланинг ўз кучига ишончи кўп жиҳатдан устознинг унга қандай муносабатда бўлишига боғлиқ.
Педагогик таълимда инклюзив ёндашувни амалий вазиятлар орқали ўргатиш муҳим. Топшириқни боланинг эҳтиёжига мослаштириш, кўрсатмани тушунарли шаклда бериш, ўқувчининг индивидуал ўсишини кузатиш касбий кўникма сифатида шаклланиши лозим. Бўлажак ўқитувчи ёрдамга муҳтож болани аниқлаганда қандай йўл тутишини билиши керак. Бунинг учун талабаларга тегишли билим билан бирга ҳамкорлик қилиш тажрибаси ҳам зарур.
Фарзанд тарбиясида мактаб ва оиланинг ҳамжиҳатлиги алоҳида аҳамиятга эга. Ота-она билан суҳбат фақат боланинг камчилигини санашдан иборат бўлиб қолмаслиги керак. Педагог кузатган ҳолатини аниқ тушунтириши, боланинг ютуғини ҳам кўрсатиши ва биргаликда бажариладиган вазифани келишиб олиши муҳим. Бундай мулоқот ишончни мустаҳкамлайди, тарбиявий таъсирнинг изчил бўлишига ёрдам беради.
Миллий қадриятлар тарбияда ўқитувчининг шахсий намунаси орқали ҳам намоён бўлади. Она тилига ҳурмат, каттага эҳтиром, меҳнатсеварлик, ваъдага содиқлик ва ҳалоллик кундалик муносабатда кўриниши керак. Ватанпарварлик туйғуси ўз вазифасини виждонан бажариш, атрофдагиларга фойда келтириш ва юрт тақдирига дахлдорлик билан мустаҳкамланади. Бўлажак педагог ана шу фазилатларни ўзида тарбиялаб бориши зарур.
Илмий изланишнинг манзили мактаб бўлиши керак
Педагогика университетидаги илмий фаолият таълим амалиётига янги ечимлар бериши билан қадрлидир. Қайси усул ўқувчининг матнни тушунишига ёрдам беради? Нима сабабдан айрим мавзуларни ўзлаштириш қийин кечади? Ёш ўқитувчи фаолиятининг дастлабки йилида қандай кўмакка эҳтиёж сезади? Шу каби саволлар илмий изланиш учун аниқ йўналиш беради ва натижани мактабда текшириш имконини яратади.
Тадқиқотда таклиф этилган методика турли шароитдаги синфларда синалиши, унинг қайси ҳолатда фойда бериши ва қандай чекловлари борлиги ўрганилиши керак. Ўқитувчи учун тушунарли тавсия, дарсда қўллаш мумкин бўлган топшириқ ёки баҳолаш воситаси илмий ишнинг амалий натижаси бўла олади. Университет ва мактаб ўртасида шундай ҳамкорлик кучайса, тадқиқот мавзулари ҳам ҳаётга яқинлашади.
Халқаро тажрибадан фойдаланишда ҳам аниқ таълимий мақсад бўлиши лозим. Хорижий дастурдаги самарали усулни ўрганиш, уни тилимиз, ўқув дастуримиз ва мактаб шароитига мослаштириш талаб этилади. Ҳамкорликнинг қиймати янгиланган машғулотда, ўқитувчининг касбий ўсишида ва талабанинг амалий кўникмасида намоён бўлиши керак. Шу ёндашув миллий педагогик тажрибани бойитади.
Олий таълимдаги янгиланиш профессор-ўқитувчининг узлуксиз ўрганишини ҳам тақозо этади. Мактаб дастурлари ва ўқувчиларнинг эҳтиёжидан хабардор бўлиш, ўз фанидаги янгиликларни кузатиш, ўқитиш усулларини синаб кўриш кундалик касбий фаолиятга айланиши зарур. Талабага изланишни ўргатадиган устознинг ўзи ҳам тадқиқотчи ва ўрганувчи бўлиши керак.
Ишончни сифатли таълим билан оқлаш
Педагог тайёрлаш сифати учун масъулият университетнинг барча бўғинларига тааллуқли. Раҳбарият ўқитиш учун зарур шароитни яратиши, кафедралар ўқув мазмунини янгилаши, профессор-ўқитувчилар эса талабанинг ўсишини кузатиб бориши керак. Камчилик аниқланганда уни бартараф этиш бўйича аниқ иш ташкил қилиниши муҳим. Бундай бошқарувда асосий эътибор талабанинг қандай мутахассис бўлиб шаклланаётганига қаратилади.
Биз учун энг муҳим савол шуки, битирувчимиз мактабга борганида болалар таълимига қандай ҳисса қўша олади? У ўқувчини эшита олса, билимини тўғри баҳоласа, дарсини пухта ташкил этса ва қийинчиликка дуч келганда ечим излай олса, университетдаги меҳнат ўз самарасини кўрсатади. Педагогик таълимнинг натижасини шу амалий мезонлар орқали кўришимиз лозим.
Муаллим обрў-эътиборини тиклаш ва мустаҳкамлашга қаратилган давлат сиёсати бизга катта ишонч билдирмоқда. Ушбу ишончни муносиб оқлаш билимли, тарбияли, касбига садоқатли устозларни тайёрлашни талаб этади. Ҳар бир талабанинг касбий камолотига эътибор бериш орқали биз келажакдаги минглаб ўқувчиларнинг таълим олиш имкониятига таъсир кўрсатамиз.
Бугун университет аудиториясида ўтирган талаба эртага бир боланинг ҳаётидаги энг муҳим устозга айланиши мумкин. У берган билим, билдирган ишонч ва кўрсатган намуна ўша боланинг келажагида давом этади. Устоз тайёрлаш масъулиятининг кўлами ҳам, шарафи ҳам шунда. Бизнинг вазифамиз шу масъулиятга муносиб педагогларни вояга етказишдир.
Ҳилола Умарова,
Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари,
Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети ректори.
ЎзА