Йўловчилар норози бўлмасин
Қорақалпоғистон Республикаси Беруний тумани “Саркоп” овул фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Ш.В. даволаниш учун Тошкентга кетаётган онаси учун туман автовокзалидан “Беруний – Тошкент” йўналишидаги автобусга 243 минг сўмга чипта сотиб олган.
Бироқ, автобусга чиқиш вақтида ваъда қилинган қулайликлар яъни, автобуснинг олд қаторидан деб берган чипта охирги ўриндиқ бўлиб чиқди.
Даволаниш учун кетаётган онахон автобуснинг охирги ўриндиқда ўтириб бора олмаслигини тушунтирган. У чипта пулларини қайтаришни ёки ваъда қилинган қулайликлари бор бошқа автобуснинг олд қаторидан жой топиб беришни талаб қилган.
Ушбу ҳолат бўйича Беруний тумани Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан тезкор ўрганиш ишлари олиб борилди. Жамоатчиликнинг аралашуви билан масала ўша вақтнинг ўзида жойида ҳал этилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири