Йил охирига бориб, автобуслар яна кўпаяди
Бухоро вилоятида аҳолига кўрсатилаётган жамоат транспорти хизматлари сифатини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Сўнгги йилларда аҳоли сонининг ўсиши, шаҳарлар ва туманлар ўртасидаги қатновларга бўлган эҳтиёжнинг ортиши ҳамда замонавий транспорт инфратузилмасини шакллантириш зарурати мазкур соҳада туб ўзгаришларни талаб этмоқда.
Шу мақсадда Бухоро вилоятида автобуслар паркини янгилаш, йўловчилар учун қулай ва хавфсиз шароит яратиш, транспорт хизматларининг қамровини кенгайтириш ҳамда экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган кенг кўламли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Вилоят Транспорт бошқармаси маълумотларига кўра, тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликда жорий йил давомида жами 175 та замонавий автобус харид қилиниши режалаштирилган. Бу эса нафақат жамоат транспорти паркининг янгиланиши, балки бутун ҳудуд транспорт тизимининг сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилишини англатади.
Бугунги кунга қадар мазкур дастур доирасида муҳим натижаларга эришилди. Хусусан, “Bux Pit-Stop NGP” корхонаси томонидан 25 та замонавий Yutong автобуси вилоятга олиб келиниб, йўналишларга чиқарилди. Йўловчилар учун кенг ва қулай салон, замонавий хавфсизлик тизимлари ҳамда юқори техник кўрсаткичларга эга ушбу автобуслар қисқа вақт ичида аҳоли эътиборини қозонмоқда.
Шунингдек, “Progress Mega Trans” МЧЖ ҳамда “Buxaraneveshservis” МЧЖ томонидан Хитойнинг етакчи транспорт ишлаб чиқарувчилари ҳисобланган Zongtong ва Yutong компанияларида ишлаб чиқарилган яна 36 та катта сиғимли автобус вилоятга келтирилди. Бу транспорт воситалари аҳоли гавжум йўналишларда қатновлар сонини ошириш ва тирбандликларни камайтиришга хизмат қилади.
Транспорт соҳасидаги инвестициялар изчил давом этмоқда. Жумладан, “Miramax Travel” МЧЖ томонидан 16 та Zongtong автобусини харид қилиш бўйича шартнома имзоланган бўлиб, ҳозирда уларни божхона расмийлаштирувидан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда. Шу билан бирга, “Miramax Turist Trans” корхонаси 24 та янги Yutong автобусини сотиб олиш бўйича шартнома тузиб, зарур бўнак тўловларини амалга оширган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, лойиҳанинг иккинчи босқичи доирасида жорий йилнинг учинчи чораги якунига қадар яна 74 та автобус Бухоро вилоятига етказиб берилади. Натижада шаҳар ва туманлардаги қатор йўналишлар тўлиқ янгиланиб, аҳолига кўрсатилаётган транспорт хизматлари сифат жиҳатидан мутлақо янги даражага чиқиши кутилмоқда.
Таҳлилларга кўра, мазкур янгиланишлар бир вақтнинг ўзида бир нечта муҳим вазифани ҳал этади. Яъни, аҳолининг жамоат транспортидан фойдаланиш имкониятлари кенгаяди. Эски ва техник жиҳатдан эскирган автобуслар босқичма-босқич алмаштирилади. Қатновлар мунтазамлиги таъминланади. Шаҳар кўчаларидаги тирбандликлар қисқаради. Ёнилғи тежамкор ва экологик хавфсиз транспорт воситалари ҳисобига атмосферага чиқариладиган зарарли чиқиндилар камаяди. Туризм салоҳияти юқори бўлган Бухорода меҳмонлар учун янада қулай транспорт муҳити яратилади.
Вилоятда амалга оширилаётган транспорт ислоҳотлари оддий автобус харид қилиш билан чекланмайди. Бу — аҳоли турмуш сифати, шаҳарсозлик маданияти ва ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга қаратилган стратегик қадамдир. Яқин ойларда юзлаб янги автобусларнинг йўналишларга чиқиши билан Бухоро нафақат тарихий ва туристик марказ, балки замонавий ва қулай жамоат транспорти тизимига эга ҳудуд сифатида ҳам янги қиёфа касб этиши кутилмоқда. Бугун бошланган бу янгиланишлар эртанги куннинг янада қулай, хавфсиз ва барқарор транспорт муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири