"Яшил макон" ҳаракати Фарғонани қоплаб олди
Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси изчил давом этмоқда. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мазкур ташаббус доирасида ўтказилган тадбирда иштирок этиб, нутқ сўзлади.
Давлат раҳбари ўз чиқишида “Яшил макон” нафақат дарахт экиш акцияси, балки халқимизнинг табиатга муносабатини ўзгартиришга қаратилган муҳим ҳаракат эканини таъкидлади ва ҳар бир ҳудудда кўчат экиш, уларни парвариш қилиш ва яшилликларни асраш масаласига алоҳида масъулият билан ёндашиш зарурлигини қайд этди.

Фарғона вилоятида ҳам мазкур умуммиллий лойиҳа доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Вилоят шаҳар ва туманларида баҳор мавсумида миллионлаб кўчатлар экилиб, янги боғлар ва яшил ҳудудлар барпо этилмоқда. Айниқса, йўл ёқалари, аҳоли яшаш манзиллари ва ижтимоий объектлар атрофини ободонлаштиришга катта эътибор қаратилган.

Маҳаллаларда аҳоли фаол иштирок этмоқда. Ёшлар, нуронийлар ва турли ташкилотлар вакиллари биргаликда кўчат экиш тадбирларида қатнашиб, ҳудудларни янада обод ва кўркам қилишга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Бу эса жамиятда экологик маданиятни юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда.
Хусусан, Фарғона тумани “Юқори арча” МФЙ ҳудудидаги 105 гектар майдонда “яшил боғ” ва “яшил белбоғ” барпо этиш ишларига кирилишди.

Маълумот ўрнида: ўтган давр мобайнида вилоятда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 140 гектар яшил боғлар, 170 гектар жамоат парклари, шунингдек шаҳар ва туманлар атрофида 26 гектар “яшил белбоғ"лар барпо этилди. Шунингдек, Қува туманидаги “Каркидон” сув омбори ҳудудида иқлим шароитига мос 100 минг тупдан зиёд манзарали кўчатлар экилди.
Жорий йилда вилоятда жами 15,2 миллион дона, жумладан, баҳор мавсумида 5,6 миллион дона манзарали ва мевали дарахт ҳамда бута кўчатлари экиш режалаштирилган. Бунинг учун кўчатхоналарда 40 миллион донадан зиёд кўчат захираси яратилди. Ҳозирга қадар эса вилоят бўйича 6,5 миллион тупдан зиёд дарахт кўчатлари экилди.

Фарғона вилоятида “Яшил макон” доирасида амалга оширилаётган ишлар фақат кўчат экиш билан чекланиб қолмаяпти. Экилган дарахтларни суғориш тизимини яхшилаш, томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш, парвариш ишларини мунтазам ташкил этишга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Шу орқали экилган кўчатларнинг сақланиб қолиши ва ривожланиши таъминланмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу каби ишлар нафақат ҳудуднинг экологик ҳолатини яхшилайди, балки иқлим ўзгариши таъсирини камайтириш, ҳаво сифатини ошириш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Фарғона вилоятида амалга оширилаётган ишлар мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилмоқда. Давлат раҳбари томонидан илгари сурилган бу ташаббус ҳар бир фуқарони табиатни асраш ва уни бойитишга даъват этаётгани билан аҳамиятлидир.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА