Ярим йиллик натижалар ва янги марралар
Давлат иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, ташқи савдо жараёнларини қонуний ва шаффоф ташкил этиш ҳамда давлат бюджети даромадларини барқарор оширишда божхона органларининг ўрни тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Замонавий ёндашувлар, рақамли технологиялар ва кучайтирилган назорат механизмлари самарасида мазкур тизим нафақат иқтисодий барқарорликни таъминлаш, балки аҳоли хавфсизлигини муҳофаза қилишда ҳам муҳим таянчга айланиб бормоқда.
Шу нуқтаи назардан, Бухоро вилояти божхона бошқармасида Божхона қўмитаси раиси ўринбосари Н. Мусамухамедов иштирокида 2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига бағишланган кенгайтирилган Кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ҳисобот даврида амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилиниб, эришилган ютуқлар, йўл қўйилган камчиликлар ҳамда йилнинг иккинчи ярми учун устувор вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилишда Бухоро вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Б. Муратов ҳисобот билан иштирок этиб, давлат бюджети тушумларини кўпайтириш, иқтисодий хавфсизликни мустаҳкамлаш, контрабанда ва божхона қонунбузилишларига қарши курашиш, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун янада қулай шароитлар яратиш йўналишида амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил ахборот берди.

Қайд этилганидек, жорий йилнинг дастлабки олти ойида бошқарма томонидан 2 триллион 120 миллиард сўмлик божхона тўловлари ҳисобланди. Унинг 881,9 миллиард сўми қонунчиликда белгиланган тартибда божхона имтиёзлари сифатида тақдим этилди. Қолган 1 триллион 238 миллиард сўм эса давлат бюджетига ўз вақтида ва тўлиқ ундирилиб, мамлакат иқтисодиёти барқарорлигига муносиб ҳисса қўшилди.
Кенгаш йиғилишида аҳоли саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган тезкор чора-тадбирлар натижалари ҳам алоҳида эътироф этилди. Хусусан, ноқонуний айланмага киритилиши режалаштирилган 14,68 килограмм гиёҳвандлик воситалари ҳамда 147,23 килограмм тиббий дори воситалари ўз вақтида аниқланиб, уларнинг мамлакат ҳудудига тарқалишининг олди олинди. Бу каби натижалар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда олиб борилаётган тизимли ишларнинг амалий самарасидир.
Ҳисобот даврида божхона назорати самарадорлигини янада ошириш мақсадида жами 9 минг 947 та божхона кўриги амалга оширилди. Натижада 182 та божхона қоидабузарлиги аниқланиб, қиймати қарийб 27,9 миллиард сўмлик товар-моддий бойликларнинг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилди.

Шунингдек, контрабандага қарши курашиш ва суриштирув фаолияти доирасида 782 та қонунбузилиш ҳолати фош этилди. Улар бўйича қиймати 63,3 миллиард сўмлик товар-моддий бойликлар ашёвий далил сифатида расмийлаштирилди. Бу рақамлар божхона органларининг иқтисодий жиноятларга қарши муросасиз курашаётганини яна бир бор намоён этди.
Йиғилишда тизим ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш масалалари ҳам эътибор марказида бўлди. Ҳисобот даврида хизмат вазифаларини намунали адо этган 48 нафар ходим рағбатлантирилди, 12 нафарига навбатдаги махсус унвон берилди. Шу билан бирга, 8 нафар ходимнинг фарзандига олий таълим муассасаларига имтиёзли қабул квотаси ажратилди, 2 нафар ходимнинг уй-жой шароитини яхшилаш учун ссуда берилди. Бу каби ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари тизим ходимларининг меҳнат унумдорлигини ошириш ва уларни янада фидокорона хизмат қилишга ундашда муҳим аҳамият касб этади.
Кенгаш давомида таркибий тузилмалар фаолияти танқидий руҳда муҳокама қилиниб, коррупцияга қарши курашиш, хизмат интизоми ва ижро назоратини янада кучайтириш, ҳар бир вазифага масъулият билан ёндашиш юзасидан аниқ топшириқлар берилди. Шунингдек, рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш, хавфларни таҳлил қилиш тизимини такомиллаштириш ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада ошириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилиш якунида давлат бюджети тушумларини янада кўпайтириш, тадбиркорлар учун қулай ишбилармонлик муҳитини кенгайтириш, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига кўрсатилаётган хизматларни янги босқичга олиб чиқиш, контрабанда ва божхона қонунбузилишларига қарши курашиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, хизмат ва ижро интизомини мустаҳкамлаш устувор йўналиш сифатида белгилаб олинди.
Зариф Комилов, ЎзА