Яқин Шарқдаги бир ойлик уруш рақамларда
“The Wall Street Journal” ёзишича, АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан қуролли зиддиятида шу кунгача ҳалок бўлганлар сони 3008 кишини ташкил этди. Қурбонларнинг 95 фоизи Эрон ва Ливанда.
Газета таҳлилчилари Исроил, Ироқ ва Форс кўрфази давлатларида ҳам инсонлар ҳаётдан кўз юмганини таъкидлаган. АҚШ Марказий қўмондонлиги маълумотига кўра, 13 нафар америкалик ҳарбий хизматчи вафот этган, 300 дан зиёд жангчи яраланган. Ливанда камида беш нафар исроиллик аскар йўқ қилинган.
4 миллиондан кўп аҳоли хавфсиз жойга кўчирилган: Эронда 3 миллион, Ливанда 1 миллион. Урушдан жабр кўрган мамлакатлар сони ҳам ортган. Хусусан, Эрон, Ливан ва Исроилдаги жанг ҳамда АҚШ базаларига қилинган ҳужумдан ташқари Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Кувайт ва Баҳрайн каби кўрфаз давлатлари Ислом Республикаси нишонига айланди. Шунингдек, Иордания, Ўмон, Озарбайжон, Европа Иттифоқи аъзоси ҳисобланган Кипр ва НАТО иттифоқчиси Туркияга ҳам бир неча зарба берилди. Натижада камида 81 000 бино зарар кўрди. Портлар, электр станциялари, нефтни қайта ишлаш корхоналари, нефть ва газ конлари, шунингдек минтақадаги машҳур бинолар, сайёҳлик манзиллари, турар-жой иншоотлари, аэропортлар, дипломатик ваколатхоналар ракета ва дрон ҳужумига учради.
АҚШ ва Исроил армияси Эронга 18 000 мартадан зиёд ҳаво ҳужуми уюштирган. Шикастланган Америка ҳарбий техникаси қиймати 2,9 миллиард долларга етган. Қолаверса, юк ташишга мўлжалланган танкерларга ҳам ҳужум уюштирилмоқда. Ҳозиргача 20 та шундай кема ҳужум остида қолди, Ҳурмуз бўғозида тахминан 2000 кема тўсиб қўйилиб, 20 000 денгизчининг ҳаракати чекланди. Оқибатда нефть нархи 50 фоиз ошди.
Эронда интернетга уланиш даражаси бир фоиз. Ислом Республикаси давлат оммавий ахборот воситалари хабар беришича, уруш бошлангандан бери мамлакатда камида 500 киши ҳибсга олинган. Уларнинг кўпчилиги халқаро ОАВ ёки АҚШ ва Исроилга маълумот тарқатишда айбланмоқда. Уруш билан боғлиқ вайронагарчилик ҳақида маълумот ёки тасвир тарқатгани учун ҳибсга олиш БАА, Қатар, Баҳрайн ва Кувайтда ҳам кузатилган.
АҚШ маъмуриятидаги манба “The Intercept” порталига берган интервьюсида Эрон билан урушга сарфланган харажат триллионлаб долларга етиши мумкинлигини айтган.
Исми ошкор қилинмаган амалдор собиқ Давлат котиби ёрдамчиси Линда Билмс “The Intercept” нашри орқали тақдим этган ҳисоботини кўриб чиқди. Ҳужжатга кўра, можаро яна уч-тўрт ҳафта давом этса, АҚШга 50 миллиард долларга тушади. Бинобарин, можаронинг умумий қиймати, жумладан, ўқ-дори ва ташувчи воситаларни жойлаштиришга кетадиган қисқа муддатли сарф, шунингдек фахрийлар нафақаси каби узоқ муддатли харажат триллионлаб долларга етиши мумкин.
– Бу рақамлар америкаликларга номаълум, – дея портал расмийнинг сўзларидан иқтибос келтирган. – Сиз улар ҳақида ҳеч қачон Оқ уй ёки Пентагондан эшитмайсиз... Бунинг учун фарзандларимнинг фарзандлари, эҳтимол уларнинг фарзандлари бадал тўлайдилар.
С.Раҳимов, ЎзА