Японияда Ўзбекистоннинг рақамли ислоҳотлари тақдим этилди
Японияда бўлиб ўтган “GovTech Tokyo 2026” тадбири доирасида Ўзбекистонда АКТ соҳаси, рақамли трансформация, сунъий интеллектни жорий этиш ҳамда давлат бошқарувини модернизация қилиш йўналишларида амалга оширилаётган ислоҳотлар тақдим этилди.
Мазкур сессия доирасида Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Рустам Каримжонов ҳамда вазир маслаҳатчиси Акиҳиро Сакураи томонидан мамлакатимизда рақамли ривожланиш йўналишидаги устувор ислоҳотлар юзасидан тақдимот ўтказилди.

Иштирокчилар Ўзбекистондаги рақамлаштириш соҳасида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар билан яқиндан танишди.
Томонлар рақамли трансформация, инфратузилмани ривожлантириш, электрон ҳукуматни кенг жорий этиш ҳамда IT мутахассислар малакасини ошириш йўналишларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур тадбирда Эстония Адлия ва рақамли ривожланиш вазири, Тайван Атроф-муҳит вазири, Токио ҳокими ўринбосари ҳамда бошқа қатор давлат ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари ҳам иштирок этди.
Ушбу платформа Ўзбекистоннинг рақамли трансформация йўлидаги ютуқларини халқаро майдонда намоён этиш, илғор тажрибаларни алмашиш ҳамда янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА