Сўнгги йилларда Ўзбекистон – Япония ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилди. Жумладан, икки мамлакат ўртасидаги муносабатнинг устувор йўналиши сифатида белгиланган таълим соҳасидаги амалий ҳамкорлик ҳам изчил ривожланмоқда.
Япониянинг илғор таълим тизими, бу борадаги фан ва инновацияга асосланган тажрибаси Ўзбекистонда олий таълимни такомиллаштириш жараёнига уйғун тарзда интеграция қилинмоқда. Мамлакатимиз ҳам ёшлар салоҳияти, очиқ сиёсат ва ҳамкорликка тайёрлиги билан ишончли ҳамкор сифатида намоён бўлмоқда.
ЎзА мухбири Тошкент давлат шарқшунослик университети Японшунослик олий мактаби бошлиғи, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Нодира Холмурзаеванинг Япония ва Марказий Осиё алоқалари жорий ҳолати, шерикликнинг янги йўналишлари таҳлил қилинган фикрларини ёзиб олди.
– Ўзбекистонда олий таълим тизимини ислоҳ қилиш, халқаро стандартга мос кадрлар тайёрлаш ва академик тизимни ривожлантириш давлат сиёсати даражасида қўллаб-қувватланмоқда. Шу нуқтаи назардан Япония билан айни йўналишдаги ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этади.
Хусусан, Тошкент давлат шарқшунослик университети (ТДШУ) Японшунослик олий мактаби тил ва маданиятни ўқитиш баробарида ўзаро амалий ҳамкорликни мувофиқлаштирувчи марказ сифатида ҳам фаолият юритади.
Сўнгги йилларда талабаларимиз кун чиқар мамлакатнинг етакчи университетларида таълим олиш, стажировка ўташ имконига эга бўляпти. Япон профессор-ўқитувчилари ТДШУда маъруза ва семинарлар ўтказиб, таълим жараёнига замонавий ёндашувларни жорий этмоқда.
Таъкидлаш жоиз, “Марказий Осиё+Япония” биринчи саммити мавжуд ҳамкорликни янада фаоллаштириш учун муҳим сиёсий майдон вазифасини ўтайди. Анжуман доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таълим, инсон капитали ва инновацияни ривожлантириш минтақавий ҳамкорликнинг энг муҳим, устувор йўналишлари эканини таъкидлади. Қўшма дастурлар, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви, рақамли технологиялар ҳамда сунъий интеллект асосида кадрлар тайёрлаш кўламини кенгайтириш зарурлигини алоҳида қайд этди. Бу баёнотлар Япония – Ўзбекистон таълим ҳамкорлиги Саммит даражасида қўллаб-қувватланаётганидан дарак беради.
Белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, ТДШУ ташаббуси билан касбга йўналтирилган Япония – Ўзбекистон халқаро маркази ташкил этилади. Ушбу мажмуа таълим, фан ва амалиётни боғловчи замонавий восита сифатида фаолият юритиши кўзда тутилган.
Марказда япон олий таълим муассасалари ва компаниялари билан ҳамкорликда касбий тайёргарликка оид дастурлар амалга оширилади. “U-Hope” ва “Yori-I” каби ижтимоий инновация ва тадбиркорликка йўналтирилган дастурлар орқали ёшларда етакчилик, ижтимоий масъулият ва тадбиркорлик кўникмасини шакллантириш мақсад қилинган.
Шунингдек, асосий ҳамкоримиз – Цукуба университети ва бошқа нуфузли олий ўқув юртлари билан қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш, халқаро грантларга аризалар тайёрлаш, япон компаниялари билан амалиёт ва стажировка дастурларини кенгайтириш режалаштирилган.
Хуллас, аниқ режага асосланган амалий ҳамкорлигимиз Саммит даражасида қўллаб-қувватланаётгани қувонарли. Ташкил этилаётган Япония – Ўзбекистон халқаро маркази шерикликнинг муҳим таянч нуқтасига айланиши лозим. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар эса таълим сифатини ошириш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш орқали икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Мусулмон Зиё, ЎзА