Янги Тошкент – янги имкониятлар
Пойтахтимизда қад ростлаётган Янги Тошкент шаҳарсозлик лойиҳаси мамлакатимизнинг энг йирик ва стратегик аҳамиятга молик ташаббусларидан биридир. Мазкур улкан бунёдкорлик майдони нафақат пойтахт аҳолиси учун қулай шароитлар яратиш, балки янги авлод инфратузилмасини барпо этишга қаратилгани билан ҳам глобал миқёсда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Япония Ички ишлар ва коммуникациялар вазирининг халқаро ишлар бўйича ўринбосари Фуседа Хидео бошчилигидаги делегациянинг “Янги Тошкент” дирекциясига ташрифи ҳам фикримизга мисолдир.
Учрашув давомида меҳмонларга Президентимиз ташаббуси билан бошланган ушбу улкан шаҳарсозлик лойиҳасининг биринчи босқичидаги кенг кўламли бунёдкорлик ишлари яқиндан таништирилди. Хусусан, янги шаҳарнинг инвестициявий салоҳияти, замонавий ва хавфсиз инфратузилма объектлари, экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган кенг миқёсли яшил ҳудудлар ҳамда қурилиш жараёнларининг бориши ҳақида батафсил маълумот берилди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда Янги Тошкент шаҳрининг биринчи босқичи доирасида 127 та лотда жадал қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу лотларнинг 25 таси бевосита замонавий йўл тармоқлари ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини барпо этишга йўналтирилгани эътиборга моликдир.
Томонлар мазкур лойиҳани амалга оширишда илғор хорижий тажриба, хусусан, япон технологиялари ва шаҳарсозлик анъаналарини жорий этиш истиқболлари юзасидан ҳам фикр алмашди.
Ташриф якунида Ҳоcеда Хидео "Янги Тошкент" дирекциясининг Фахрий меҳмонлар китобига ўзининг самимий тилаклари, эзгу истаклари ва илиқ хотираларини ёзиб қолдирди.
М.Қосимова, ЎзА