Халқаро муносабатлар тизими кескин ўзгариш, геосиёсий рақобат кучайиши ва глобал ноаниқлик билан тавсифланмоқда. Бундай мураккаб шароитда ҳар бир давлат ташқи сиёсатда аниқ стратегик йўлни белгилаб олиши, миллий манфаатини ҳимоя қилиш билан бирга, халқаро ҳамкорлик ва барқарорликни таъминлаш масаласига ҳам масъулият билан ёндашиши талаб этилади.
Мамлакатимиз учун бу жараён “Янги Ўзбекистон” концепцияси доирасида ташқи сиёсатни тубдан қайта кўриб чиқиб, замонавий ёндашувга мос равишда шакллантириш даврига тўғри келди.
Бугунги ташқи сиёсатимиз очиқлик, прагматизм ва мувозанат тамойилига асосланган кўп векторли ёндашув билан ажралиб, давлатимизнинг халқаро майдондаги ўрни ва нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Минтақавий барқарорлик, йирик куч марказлари билан ўзаро манфаатли муносабатлар, халқаро ташкилотлар доирасидаги фаол дипломатия – буларнинг бари ташқи сиёсатимиз мазмунан янги босқичга кўтарилганидан далолат. Ушбу мақолада айнан шу жараён – мувозанатли ташқи сиёсатнинг моҳияти ва амалий натижасига эътибор қаратамиз. Мавзуни сиёсатшунос Фарҳод Каримов ўз илмий-таҳлилий қарашлари ва фикрлари асосида шарҳлайди.
– Сўнги йилларда Ўзбекистон ташқи сиёсати сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Бу даврда мамлакат халқаро майдонда очиқлик, прагматизм ва мувозанат тамойилига асосланган кўп векторли дипломатияни изчил амалга оширди. Янги Ўзбекистон концепцияси доирасида ташқи сиёсат миллий манфаатлар, минтақавий барқарорлик ва глобал ҳамкорлик ўртасидаги мувозанатни таъминлашга қаратилди.
Мувозанатли ташқи сиёсат йирик давлатлар ва халқаро куч марказлари орасида бир томонлама қарамлик ҳолатига тушмасдан, барча шериклар билан ўзаро манфаатли муносабатни йўлга қўйишга қаратилган стратегиядир.
Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатида миллий манфаат устуворлиги, очиқлик ва прагматизм, халқаро ҳуқуқ меъёрига содиқлик, минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, кўп томонлама дипломатияни ривожлантириш асосий тамойиллар сифатида устувордир.
Мазкур тамойиллар сўнги 5 йиллик амалиётда аниқ натижалар берди. Хусусан, Марказий Осиё ташқи сиёсатнинг бош устувор йўналиши сифатида белгиланди. Хусусан, қўшни давлатлар билан чегара масалалари ҳал қилинди, транспорт ва логистика лойиҳалари илгари сурилди, савдо айланмаси бир неча баробар ошди, минтақавий маслаҳат учрашувлари тизимли тус олди. Умуман, минтақада ишонч ва ўзаро ҳамкорлик муҳитини шакллантириш ташқи сиёсатнинг муҳим ютуқларидан биридир.
Масалан, минтақанинг асосий стратегик ҳамкори – Россия Федерацияси билан муносабат стратегик шериклик даражасида ривожланмоқда. Айниқса, энергетика ва миграция соҳаларида ҳамкорлик кенгайди. Хавфсизлик масаласида яқин мулоқот сақланиб қолган.
Хитой Халқ Республикаси билан муносабат инвестиция, инфратузилма ва саноат кооперацияси орқали фаоллашди. “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида йирик лойиҳалар амалга оширилди. Шу билан бирга Ўзбекистон бир томонламаликдан сақланиб, ташқи сиёсатда мувозанатни таъминлаб, кўп векторли ташқи сиёсат юритмоқда.
Америка Қўшма Штатлари билан ҳам стратегик мулоқот фаоллашди. Савдо, инвестиция ва хавфсизлик соҳаларида ҳамкорлик ривожланди. Европа Иттифоқи билан кенгайтирилган шериклик бўйича музокара олиб борилди. GSP+ мақоми экспорт имкониятини кенгайтирди. Бу йўналишлар Ўзбекистон ташқи сиёсатни кўп қутбли форматда мувозанатли олиб боришини кўрсатади. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги фаоллик, жумладан Самарқанд саммити мамлакатимизнинг халқаро нуфузини оширди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбарларида илгари сурилган экологик хавфсизлик, Афғонистон масаласи, ёшлар сиёсати каби ташаббуслар глобал миқёсда эътироф этилди. Ўзбекистон Афғонистонга нисбатан прагматик ва гуманитар ёндашувни амалга оширмоқда. Бу борада мулоқотни сақлаб қолиш, транспорт ва энергетика лойиҳаларини илгари суриш, гуманитар ёрдам кўрсатиш йўналишида амалга оширилган ишлар дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этиб келинмоқда. Бундай прагматик сиёсат минтақавий барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.
Ташқи сиёсат иқтисодий мазмун билан бойитилди. Жумладан, хорижий инвестиция жалб қилиш, саноат кооперацияси, транспорт йўлакларини ривожлантириш, “яшил энергетика” лойиҳалари борасида амалга оширилаётган йирик ташаббуслар ҳам самара бермоқда. Зеро, очиқ ва праграматик ташқи сиёсат иқтисодий ислоҳотларнинг ташқи таянчига айланган.
Хулоса қилиб айтганда, сўнги йилларда Янги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати кўп векторли, прагматик, мувозанатли, миллий манфаатга йўналтирилган хусусият касб этиб, дунё эътироф этаётган миллий стратегия сифатида шаклланди. Марказий Осиёда ишонч муҳити яратилиши, глобал куч марказлари билан мувозанатли муносабат, кўп томонлама дипломатия фаоллашуви мамлакатнинг халқаро нуфузини сезиларли даражада оширди. Янги Ўзбекистон ташқи сиёсати модели минтақа давлатлари учун ҳам ўзига хос прагматик дипломатия намунаси сифатида баҳоланиши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА