“Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030”
Қашқадарё вилоятида мамлакатимиз ёшлар сиёсатида янги босқични бошлаб берувчи “Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030” стратегиясига бағишланган тақдимот тадбири ўтказилди.
Тадбир доирасида вилоят мусиқали драма театри ҳудудида махсус павильонлар ташкил этилиб, иштирокчиларга ёшлар сиёсатига оид йирик лойиҳалар ва имкониятлар таништирилди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан йўлга қўйилган “ТОП-100 китобхон” танловининг очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди.
Тақдимот давомида волонтёрлик, халқаро ҳамкорлик, тадбиркорлик, бандлик, замонавий касблар, стартаплар ҳамда ёшлар учун мўлжалланган электрон платформалар фаолиятига оид маълумотлар берилди.
[gallery-29206]
Тадбирда Қашқадарё вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Аброр Аҳмедов стратегиянинг мазмун-моҳияти ва устувор йўналишлари ҳақида сўз юритди. Шунингдек, соҳанинг қатор масъул вакиллари иштирокида тақдимотлар ўтказилди.
Қайд этилганидек, “Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030” стратегияси ёшларга оид биринчи яхлит дастур бўлиб, уларнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга қаратилган. Унда ҳар йили 600 минг ёшни иш билан таъминлаш, 2030 йилга қадар 900 минг нафар ёшни волонтёрликка жалб этиш, 450 минг нафар ёшнинг хорижий тиллар бўйича билим даражасини ошириш каби вазифалар белгиланган.
Шунингдек, таълим соҳасида янги ўқув марказларини ташкил этиш, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, фаол ёшларни рағбатлантириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган қатор имтиёз ва ташаббуслар илгари сурилди.
Тадбир давомида “Кўмак” лойиҳаси доирасида ёшларга сертификатлар топширилди, шунингдек, фаол ёшлар етакчилари тақдирланди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари