Янги Ўзбекистон боғида хотин-қизлар ўртасида югуриш марафони ўтказилди
Пойтахтимиздаги Янги Ўзбекистон боғи ҳудудида Савдо-саноат палатаси, Спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон корпоратив спорт ассоциацияси ташаббуси билан ўтказилган “Бирга югурамиз, бирга юксаламиз” шиори остидаги оммавий югуриш марафони 300 нафарга яқин аёл тадбиркорларни ва турли ташкилотларда меҳнат қилаётган хотин-қизларни қамраб олгани билан аҳамиятли бўлди.
Марафоннинг очилиш маросимида иштирок этган Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Шаҳло Ибрагимова, спорт вазири маслаҳатчиси Шарифжон Мўминжонов бундай саломатлик тадбирлари аёллар фаоллигини ошириш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда муҳим эканини таъкидлади.

Иштирокчилар 3 километр масофани босиб ўтиб, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаолликни оширишга ўз ҳиссаларини қўшди.


Юқори кайфият ва катта шижоат билан белгиланган масофани босиб ўтиш натижасида энг яхши натижаларни қайд этган иштирокчилар пул мукофотлари ҳамда ташаккурномалар билан тақдирланди.
Т.Рўзиев,
ЎзА