Янги Наманганда аҳолига хизмат кўрсатишнинг замонавий маркази барпо этилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Норин туманидаги Янги Наманган маҳалласида барпо этилган ахборот ва сервис маркази аҳолига давлат ва ижтимоий хизматларни яқинлаштириш, маҳаллий муаммоларга тезкор ва замонавий ечим топишга хизмат қилмоқда.
Замонавий ва миллий меъморчилик уйғунлигида қурилган уч қаватли бинода маҳалла еттилиги аъзолари учун алоҳида хоналар, ижтимоий хизмат кўрсатиш ва маънавият зали, Давлат хизматлари маркази филиали жойлашган. Шунингдек, бинода нотариал идора, хизмат кўрсатувчи банк, кадастр агентлиги, аёллар соғломлаштириш ва ҳуқуқий тарғибот хоналари ҳам фаолият юритади. Юқори қаватда эса замонавий кутубхона – ахборот ресурс маркази ташкил этилган.
[gallery-30242]
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигида масъул идоралар раҳбарлари марказда яратилган шароитлар билан танишди. Ташриф давомида IT йўналишида стартап лойиҳалар устида ишлаётган ёшларнинг тақдимоти ҳам кўриб чиқилди.
Шу ернинг ўзида маҳалла фуқаролар йиғинлари қошида фаолият юритаётган кексалар гуруҳлари аъзолари ва нуронийлар билан учрашув ўтказилди. Мулоқотда ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА