Янги Наманган туманида янги таълим масканлари ва ижтимоий лойиҳалар ишга туширилмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Янги Наманган туманида қатор янги ижтимоий объектлар фойдаланишга топширилиб, аҳоли учун янги имкониятлар яратилмоқда.
Хусусан, туманда замонавий таълим маскани — «Avicenna School» ўз фаолиятини бошлади. 360 ўринга мўлжалланган мазкур хусусий мактаб тиббиёт, IT ва хорижий тиллар йўналишларига ихтисослашган.
Лойиҳани амалга ошириш учун 23,7 миллиард сўм инвестиция маблағлари йўналтирилган. Таълим муассасасида ўқувчиларнинг замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаши учун зарур шароитлар яратилган.
[gallery-31185]
Шунингдек, Тинчлик маҳалласида тадбиркор Ботиржон Дадабоев ташаббуси билан 75 ўринли «ALI-BO» хусусий мактабгача таълим ташкилоти ҳам иш бошлади. Лойиҳага 2,8 миллиард сўм инвестиция йўналтирилиб, 17 та янги иш ўрни яратилди. Ташкилотда тарбияланувчилар учун замонавий ва қулай шароитлар яратилган.
Туманда аҳоли учун турли маънавий-маърифий ва хайрия тадбирлари ҳам ташкил этилмоқда.
Жумладан, «Оқ сарой» мажмуасида Истиқбол, Шербулоқ, Соҳил ва Келажак тонги маҳаллалари ташаббуси билан ҳомийлар кўмагида байрам тадбири ўтказилди.
Тадбир доирасида 10 нафар боланинг хатна тўйи ҳам ўтказилиб, уларга байрамона совғалар улашилди. Маҳалла аҳоли учун ташкил этилган дастурхон ва кўнгилочар чиқишлар тадбирга янада файз бағишлади.
Бундай эзгу ташаббуслар маҳаллаларда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва саховат муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА