Янги лойиҳалар ва катта имкониятлар
Хитой Халқ Республикасининг Нанканг шаҳри делегациясининг Бухоро вилоятига ташрифи нафақат икки ҳудуд ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, балки Ғиждувон туманининг янги тараққиёт босқичига қадам қўйишида муҳим воқеа сифатида баҳоланмоқда.
Ташриф доирасида меҳмонлар Ғиждувон тумани ҳокими Фарход Умаров бошчилигида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда саноат соҳасида янги имкониятларни рўёбга чиқариш масалалари бўйича музокаралар олиб борди.
Учрашув давомида хитойлик инвесторларга Ғиждувон туманининг иқтисодий салоҳияти, қулай географик жойлашуви, ривожланаётган саноат инфратузилмаси ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун яратилган кенг имкониятлар ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди. Шунингдек, мамлакатимизда инвесторларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Музокаралар натижасида иқтисодиётнинг бир нечта муҳим йўналишларини қамраб олган истиқболли келишувларга эришилди. Хусусан, Ғиждувонда замонавий мебелчилик марказини ташкил этиш, юқори маҳсулдор наслли чорвачиликни ривожлантириш ҳамда янги саноат ишлаб чиқариш лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш бўйича муҳим режалар белгиланди. Бу лойиҳалар келгусида юзлаб янги иш ўринларини яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва маҳаллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини кучайтиришга хизмат қилади.
Ташриф давомида делегация аъзолари “Ғиждувон” эркин иқтисодий зонаси фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Эркин иқтисодий зона раҳбари Шерзод Ашуров томонидан ҳудудда инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар, солиқ ва божхона имтиёзлари, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳамда саноат инфратузилмаси ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Меҳмонлар шунингдек, “G‘ijduvon Eko Bottlers”, “Buxoro Fayz Tekstil”, “Sadbarg” ва “Firsham Mebel” каби йирик корхоналар фаолияти билан танишиб, ишлаб чиқариш жараёнларини кўздан кечирди. Музокаралар жараёнида маҳсулот экспорт географиясини кенгайтириш, инновацион технологияларни жорий этиш ва қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича бир қатор амалий келишувларга эришилди.
Айниқса, Хитойнинг мебелчилик соҳасидаги илғор тажрибасини Ғиждувонга олиб келиш режаси ҳудуд иқтисодиёти учун янги саҳифа очиши мумкин. Зеро, Нанканг шаҳри дунёдаги йирик мебелчилик марказларидан бири сифатида танилган бўлиб, мазкур тажрибанинг маҳаллий ишлаб чиқариш билан уйғунлашуви катта иқтисодий самара бериши кутилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбирлари