“WikiAyollar” онлайн танловини ўтказишдан мақсад нима?
Ёшлар ишлари агентлиги томонидан хотин-қизларнинг билим ва саводхонлигини оширишга қаратилган “WikiAyollar” онлайн танловига старт берилди. “WikiMarafon” ва “Qizlar Akademiyasi” лойиҳалари ҳамкорлигида ўтказиладиган “WikiAyollar” танлови ўзбекча википедияда аёллар билан боғлиқ мавзуларни, хусусан, аёлларнинг ҳуқуқлари, жамиятдаги ўрни ҳамда фаолиятини ёритишга қаратилган ижтимоий лойиҳа ҳисобланади.
Танловнинг кейинги босқичлари ва имкониятлари хусусида “WikiMarafon” лойиҳаси раҳбари Шоҳжахон Собиров қуйидагиларни маълум қилди:
– Танлов ўз фаолиятини “WikiMarafon” жамоаси ва “Qizlar Akademiyasi”, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида олиб боради. Танловнинг мақсад ва вазифалари шундан иборатки, хотин-қизларнинг рақамли платформалардаги фаоллигини қўллаб-қувватлаш, уларни лойиҳа доирасида рағбатлантириш, ахборот билан ишлаш ва ишончли манбалардан фойдаланиш маданиятини ривожлантириш, хотин-қизларнинг интеллектуал салоҳиятини намоён этиш ва уларнинг жамиятдаги фаоллигини оширишдан иборат.
Танлов орқали хотин-қизларнинг ахборот билан ишлаш маданияти юксалишига, ишончли манбалардан фойдаланиш кўникмаларини ривожлантиришга, аёллар ҳақидаги билимларни кўпайтириш ва оммалаштиришдаги фаоллигини оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, уларнинг жамиятнинг турли соҳаларидаги ютуқларини кенг тарғиб этишга кўмаклашади.
Шу билан бирга, танловни ташкил этиш орқали хотин-қизларнинг илм-фан, таълим, маданият, санъат, спорт ва бошқа соҳалардаги ўрни ҳамда ютуқлари ҳақида кенг жамоатчиликнинг хабардорлигини ошириш, уларнинг жамият тараққиётига қўшаётган ҳиссасини кенг тарғиб этилади.
Жамиятда гендер тенглиги, хотин-қизларнинг имкониятлари ва ютуқларини эътироф этишга хизмат қилувчи ташаббуслар қўллаб-қувватланиб, ўзбекча википедия орқали ишончли ва холис маълумотлар оммалаштирилади.
Танлов бир босқичда, онлайн шаклда ташкил этилмоқда. Лойиҳа доирасидаги танлов 22-августгача давом этиб, натижалар 25-августгача эълон қилинади.
Мазкур танлов якка тартибдаги мусобақа бўлиб, унда қатнашиш учун талабгорлар @WikiTanlov_bot орқали рўйхатдан ўтади.
Телеграм бот орқали белгиланган тартибда рўйхатдан ўтилгандан сўнг, белгиланган кунда 30 та тестни ечишлари лозим. Тестлар ўзбекча википедияда мавжуд бўлиб, аёлларга оид мақолалар ва “Qizlar Akademiyasi” платформасидаги “Moliyaviy savodxonlik”, “Fashion”, “Tadqiqot asoslari” курслари юзасидан тузилади. Тест синови 23-август санасида бўлиб ўтади. Ҳар бир тест саволи учун 1 дақиқа вақт берилади.
Иштирокчилар тестда қатнашиш учун @WikiTanlov_botга махсус ҳавола орқали 3 нафар дўстини таклифи қилиши ва “Qizlar Akademiyasi” платформасида олган сертификатини юклаши лозим.
Телеграм бот орқали белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган иштирокчилар бот тақдим қиладиган махсус ҳаволани дўстларига улашиш орқали танлов тарғиботи бўйича махсус танловда қатнашиши мумкин. Иштирокчиларга ҳар бир таклиф қилган дўсти учун 1 реферал балл берилади.
Танловнинг тест натижалари бўйича иштирокчиларнинг натижалари тенг келиб қолган тақдирда, тестни бажариб бўлган вақтга қаралади. Қўшимча натижалари юқори бўлган иштирокчига устунлик берилади. Натижалар 3 кун муддат ичида иштирокчиларга маълум қилинади.
Танловда юқори ўринларни эгаллаган иштирокчилар эсдалик совғалар билан тақдирланади. Барча иштирокчилар эса натижасидан қатъи назар электрон сертификат билан тақдирланади.
Гулноза Бобоева, ЎзА