Волейболчи ёшлар “Ички ишлар вазири кубоги”да куч синашади
Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спорт ҳаракатини янги босқичга олиб чиқиш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишни таъминлаш, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзи тарғиботини кучайтириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида спорт турлари билан профессионал шуғулланаётган ёшлар сафи кейинги йилларда янада ортди.
Хусусан, юртимизда турли ёш тоифасидаги волейбол мусобақаларининг ортиши натижасида ушбу спорт турига меҳр қўйганлар сони бир миллиондан ошиб кетгани эътиборли ҳолат.
Ўзбекистон волейбол федерацияси маълумотига кўра, ҳозирда туман ва шаҳарларда, маҳаллаларда волейбол билан шуғулланаётган ёшлар сони 1 миллион 100 минг нафарга етган.
Жорий йилнинг 13–18 апрель кунлари республикамиздаги 8 минг 992 та маҳаллада “Ички ишлар вазири кубоги” мусобақаларининг маҳалла босқичи бошланиши билан бу кўрсаткич янада ортади.
-Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, спортга бўлган қизиқишни ошириш ҳамда жамоавийлик руҳини мустаҳкамлашга қаратилган мазкур мусобақаларни жойларда уюшқоқлик билан ташкил этиш борасида ҳудудий волейбол федерациялари, жойлардаги ички ишлар органлари, маҳалла кенгашлари билан ҳамкорликда тизимли ишлар олиб борилди. Ҳар бир маҳалла миқёсида бўладиган мусобақалар учун ҳакамлар гуруҳлари шакллантирилди, - дейди Ўзбекистон волейбол федерацияси бош котиби Фарҳод Алимов.
Т.Рўзиев, ЎзА