Велоспорт: Италияда Ўзбекистон номи жаранглади
Италияда велотрек бўйича давом этаётган “Gran Premi Internazionali di Fiorenzuola” халқаро мусобақасида Ўзбекистон номи жаранглади.
Дунёнинг энг кучли велоспортчилари иштирокида ўтаётган муросасиз пойгаларда Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳамда “BARDIANI-CSF 7SABER” клуби аъзоси Никита Цветков омниум дастурида бронза медални қўлга киритди.
Маълумки, велоспортнинг трек йўналишида олимпия ўйинлари дастурига киритилган омниум йўналиши энг мураккаб ва чидамлилик талаб этадиган пойга ҳисобланади.

Кўпкураш дастурида Н.Цветков умумий ҳисобда 114 очко жамғариб, 3-ўринни эгаллади.
U23 ёш тоифасида ўтган очко йиғиш дастурида ҳам Никита Цветков Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобига яна бир медални қўшиб қўйди.
75 айланадан иборат 45 км. масофадаги беллашувда ҳамюртимиз 50 очко жамғариб, бронза медали билан тақдирланди.
Мусобақалар 25 июлга қадар давом этади.
Т. Рўзиев, ЎзА