Ватан рамзларига ҳурмат миллий ғурурни мустаҳкамлайди
Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қабул қилинганининг 34 йиллиги муносабати билан Миллий гвардия тизимида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Унда ҳарбий хизматчилар, тизим ходимлари, фахрийлар ҳамда ёшлар иштирок этиб, давлат рамзларининг мазмун-моҳияти, уларни улуғлаш ва эъзозлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир аввалида иштирокчиларга Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг яратилиш тарихи, унинг қабул қилиниши ҳамда унда акс этган рамзларнинг чуқур маъноси ҳақида батафсил маълумот берилди. Таъкидланганидек, Давлат герби мамлакатимиз мустақиллиги, суверенитети ва миллий давлатчилигини ифода этувчи муқаддас рамзлардан биридир.
-Гербимиздаги Ҳумо қуши халқимизнинг эзгу орзу-интилишлари, эркинлик ва бахт тимсоли ҳисобланади. Порлаб турган қуёш эса тинчлик ва фаровон ҳаёт рамзи. Шунингдек, тоғлар ва дарёлар она юртимизнинг бетакрор табиати ҳамда ҳаёт манбаини ифодалайди. Буғдой бошоқлари ва пахта шохлари эса халқимизнинг бунёдкорлиги, меҳнатсеварлиги ва мўл-кўл ҳаётга интилишини англатади, - дейди Миллий гвадия Марказий девони бўлим бошлиғи Маҳмуд Очилов.
Тадбир давомида сўзга чиққанлар давлат рамзларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, уларни кўз қорачиғидек асраш ва ёш авлод қалбига Ватанга садоқат, миллий ғурур ҳамда ватанпарварлик туйғуларини сингдириш ҳар бир фуқаронинг масъулиятли бурчи эканини алоҳида таъкидлади.
Тадбирнинг бадиий қисми ҳам йиғилганларда илиқ таассурот қолдирди. Ватанга муҳаббат, миллий қадриятлар ва давлат рамзларини улуғловчи куй-қўшиқлар ҳамда мусиқий чиқишлар иштирокчиларга юксак руҳ бағишлади.
Бундай маънавий-маърифий тадбирлар ҳарбий хизматчилар ва ёшлар қалбида Ватанга садоқат, миллий ғурур ҳамда давлат рамзларига юксак ҳурмат туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятли.
Нигора Раҳмонова,
Салим Обиджонов (монтаж), ЎзА