“UzChess Cup 2026” : Воҳидов пешқадам, Абдусатторов Эригаиси билан куч синашади
Тошкентда ўтказилаётган “UzChess Cup 2026” халқаро турнири кескин тус олмоқда. "Masters" гуруҳида Воҳидов етакчиликни қўлга киритди, аммо кучли рақобат давом этмоқда.
Халқаро турнирнинг 5-тур ўйинлари остонасида Шамсиддин Воҳидов “Masters” гуруҳида 2,5 очко билан пешқадамлик қилмоқда.
Кеча “Masters” гуруҳида ўтган 5-тур ўйинларининг 3 тасида дуранг, 2 тасида ғалаба қайд этилган бўлса, ушбу турда Шамсиддин Воҳидов қора доналарда грециялик Николас Теодоруни мағлуб этди.
Шунингдек, Нодирбек Ёқуббоев қора доналарда Муҳиддин Мадаминовдан устун эканини намойиш этган бўлса, Ян Непомняший (Россия) - Н.Абдусатторов, А.Эригаиси (Ҳиндистон) - Видат Гужрати (Ҳиндистон), Нейманн Ханс Моке (АҚШ) - Шахриёр Мамедяров (Озарбайжон) ўртасидаги ўйинларда муроса йўли танланди.
Халқаро мусобақанинг “Challengers” гуруҳида 4 та тур ўйинларидан сўнг 3,5 очко жамғарган озарбайжонлик Махаммад Мурадли етакчилик қилаётган бўлса, туркманистонлик Сапармурат Атабаев, америкалик Брэндон Жейкобсон ва ҳамюртимиз Муҳаммадзоҳид Суяров 2,5 очко билан уни таъқиб этмоқда.
“Futures” гуруҳида терма жамоамиз аъзоси Ҳумоюн Бекмуратов 3,5 очко билан турнир жадвалини бошқариб турибди.
“Open” гуруҳида 141 нафар шахматчи орасида ўзбекистонлик Шаҳзод Ҳамзаев ва россиялик Варвара Полякова 4 очко билан ғолибликка асосий даъвогар бўлиб турибди.
Айтиш лозим, умумий мукофот жамғармаси 121 минг 500 АҚШ долларидан иборат халқаро турнирнинг “Masters” гуруҳида ғолибликка эришган шахматчи 20 минг АҚШ долларини қўлга киритади. Ушбу гуруҳда иштирок этган барча шахматчиларга белгиланган пул мукофотлари тақдим этилса, “Challengers” гуруҳи ғолиби 6 минг, “Futures” гуруҳида биринчиликни қўлга киритган иштирокчи 4 минг ҳамда “Open” гуруҳида шоҳсупанинг энг юқорисига кўтарилган омадли шахматчи 2 минг АҚШ доллари билан тақдирланади.
Т.Рўзиев, ЎзА