Уйчида “Шинжон” усули ўз самарасини бермоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Уйчи туманида пахтачиликда замонавий агротехнологияларни жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда. Жаҳон тажрибасида синовдан ўтган “Шинжон” технологияси асосида экилган пахта майдонларида ғўзанинг ривожланиши юқори суръатларда кечмоқда.
Жорий йилда тумандаги 143 та фермер хўжалиги томонидан 4130 гектар майдонга пахта экилиб, ҳар гектардан ўртача 54 центнердан ҳосил олиш режалаштирилган. Майдонларнинг 1441 гектарида чигит Хитойнинг “Шинжон” технологияси асосида экилган.
[gallery-30014]
Мазкур усулда чигит плёнка остига қўш қатор қилиб жойлаштирилиб, томчилатиб суғориш тизими қўлланилмоқда. Бу эса намликни тежаш, ғўзанинг барвақт ривожланиши ва юқори ҳосилдорликни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Жумладан, “Зарбол Навоий” ММТП ҳудудидаги “Умирзоқов Жаҳонгир” фермер хўжалигида мазкур технология асосида парваришланаётган ғўзада илк кўсаклар пайдо бўлди. Хўжаликнинг 15 гектар майдонида плёнка остида қўш қатор усулида экилган ғўза бугунги кунда яхши ривожланиб, фермерларнинг кутилаётган ҳосилга бўлган ишончини янада мустаҳкамламоқда.
Айни кунларда пахта майдонларида ғўзани минерал ўғитлар билан озиқлантириш, суғориш ишларини ўз вақтида амалга ошириш, зараркунанда ва касалликларга қарши курашиш каби агротехник тадбирларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА