Устоз қадри – миллат қудрати
Пойтахтимизда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган асосий байрам тадбирлари ҳамда маданий-маърифий учрашувлар ташкил этилди.
“Устоз қадри – миллат қудрати” шиори остида ўтказилаётган байрам дастурларида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган 300 нафарга яқин мактабгача, умумий ўрта ва олий таълим муассасалари ходимлари, давлат мукофотлари соҳиблари, таълим тизимида кўп йиллар самарали фаолият юритган устозлар, таълим фидойилари ҳамда масъуллар иштирок этди.
Байрам тадбирлари аввалида устозлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати фаолияти билан яқиндан танишиб, сенаторлар билан мулоқот қилди. Педагогларга парламент юқори палатасининг қонун ижодкорлиги, давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни, шунингдек, таълим соҳасига оид масалаларни ҳал этишдаги иштироки ҳақида батафсил маълумот берилди.
Мазкур учрашувлар устозлар учун нафақат касбий, балки маънавий жиҳатдан ҳам аҳамиятли бўлди. Зеро, таълим ва тараққиёт, илм-фан ва маърифат масалалари ҳар бир жамиятнинг келажагини белгилайди.
[gallery-31648]
– Мамлакатимизда устозларга катта эътибор қаратилмоқда, – деди Самарқанд вилояти Тойлоқ туманидаги 8-мактабнинг география фани ўқитувчиси Дилшода Сафарова. – Негаки, жамият равнақи, барча соҳалар ривожи, энг аввало, ўқитувчи таълим бераётган ёшларга боғлиқ. “Келажак мактаб остонасидан бошланади”, деб бежизга айтмайдилар. Педагоглар учун бугун яратилаётган имкониятлардан унумли ва самарали фойдаланиш орқали таълим сифати янада юксалади, ёш авлоднинг билим ва салоҳияти ортади.
– Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бунёд этилган Президент мактаблари бугунги кунда таълим тизимида ўзига хос маёқ вазифасини бажармоқда, – деди Термиз шаҳридаги Президент мактаби ўқитувчиси Фазлиддин Абдурайимов. – Таълимга қаратилаётган эътибор натижасида ёшларимиз жаҳоннинг энг нуфузли олий таълим муассасаларида таҳсил олиб, ўз билим ва иқтидори билан юртимиз номини муносиб ҳимоя қилмоқда.
Дарҳақиқат, устоз қалбларга илм ва маърифат нурини олиб кирувчи улуғ касб эгасидир. Унинг меҳнати натижаси бир кун ёки бир йил билан эмас, балки шогирдларининг бутун умри давомида намоён бўлади.
Бугун таълим соҳасида меҳнат қилаётган ҳар бир педагог замонавий билим ва технологияларни пухта эгаллаш билан бирга, ёш авлод қалбига эзгулик, ватанпарварлик ва инсонпарварлик туйғуларини сингдиришдек юксак вазифани ҳам бажармоқда.
Устознинг бир оғиз насиҳати баъзан инсон ҳаётида бутун бир йўналишни белгилаб бериши мумкин. Шу боис халқимиз азалдан муаллим ва устозларни юксак қадрлаб, уларга алоҳида ҳурмат кўрсатиб келган.
Байрам муносабати билан ташкил этилган тадбирлар устозларга бўлган эътибор ва эҳтиромнинг амалий ифодаси бўлди. Айниқса, турли ҳудудлардан келган педагогларнинг ўзаро тажриба алмашиши, фикр ва мулоҳазаларини баҳам кўриши тадбирларга янада файз бағишлади.
Устозлар байрамига бағишланган тадбирларнинг илк кунида ўқитувчилар пойтахтимиздаги музей ва театрларга саёҳат қилди. Маданий масканларга уюштирилган ташрифлар педагогларнинг маънавий дунёқарашини янада бойитиш, тарих ва санъатимизга бўлган қизиқишини оширишга хизмат қилди.
Юрт келажаги таълимдан, таълим эса устоз меҳнатидан бошланади. Билимли ва маърифатли авлодни тарбиялашдек шарафли вазифа эгаларининг меҳнати ҳар қандай эътироф ва эҳтиромга муносибдир. Шу маънода, “Устоз қадри – миллат қудрати” деган эзгу ғоя бугунги байрам тадбирларининг мазмун-моҳиятини тўла ифодалайди.
Назокат Усмонова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА