Умумий ўтмишдан муштарак келажак сари
Самарқанд шаҳридаги “Ипак йўли” халқаро туризм ва маданий мерос университетида Қозоғистон парламенти делегациясининг юртимизга ташрифи доирасида ўзбек-қозоқ илмий-ижодий зиёлиларининг иккинчи форуми бўлиб ўтди.
“Умумий ўтмишдан – муштарак келажак сари” мавзусидаги форумда Ўзбекистон ва Қозоғистон парламентлари аъзолари, таниқли олим ва ёш тадқиқотчилар, маданият ва санъат намояндалари, ижодкорлар иштирок этди.
Тадбир қатнашчилари дастлаб ўзбек ва қозоқ халқлари ижодкорлари, ҳунармандларининг илмий ва ижодий асарлари, миллий либослари кўргазмаси, шунингдек, инновациялар ва технологиялар экспозицияси билан танишди.
Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева ҳамда Қозоғистон Парламенти Сенати раиси Маулен Ашимбаев сўзга чиқиб, икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар бугунги кунда давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли янги мазмун билан бойиб бораётганини таъкидлади.
Хусусан, маданий-гуманитар соҳадаги алоқалар илдизи ягона бўлган халқларимизни янада бирлаштириш, аждодларимиздан мерос илм-фан ютуқлари, анъана ва қадриятларни асраб-авайлаш ва дунёга кенг тарғиб этишга хизмат қилмоқда. Таълим, маданият муассасалари ўртасида фан ва илмий изланишлар соҳасида, адабиёт ва санъат вакилларининг ижодий ҳамкорлиги бугун юксак натижалар бермоқда. Ўтган йил Қозоғистонда Ўзбекистон маданияти ва ўзбек халқининг кўп асрлик анъаналарини тарғиб қилишга қаратилган 18 та маданий-гуманитар тадбир ўтказилди.
Қозоғистон вакиллари юртимизда ўтказиладиган “Шарқ тароналари”, халқаро мақом ва бахшичилик фестиваллари, ҳунармандлар кўргазмаларида мунтазам иштирок этиб келмоқда. Икки давлат фанлар академиялари, олий таълим муассасалари, музейлар ва ижодий уюшмалар ўртасида самарали ҳамкорлик шаклланди. Ҳар йили юртимизда Қозоғистондаги олий таълим муассасаларининг очиқ эшиклари куни тадбирлари ва тақдимотлари ўтказилади. Бунинг натижасида айни пайтда Қозоғистондаги 116 та таълим муассасасида 8 минг 500 нафар ўзбекистонлик талаба таҳсил олмоқда.
– Зиёлилар форуми бу шунчаки учрашув эмас, тарихи ва маданияти бир бўлган, умумий келажакка интилаётган халқларимиз ўзаро ҳамкорлигининг муҳим йўналишларидан бири – деди Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева. – Ўтган йил Остона шаҳрида илк форум юксак даражада ташкил этилганди ва бу икки халқ зиёлилари ўртасида самарали мулоқот платформасига айланганди. Бугун Самарқандда у анъанавийлик касб этди, ўзбек ва қозоқ ижодкорлари, олимларини яна бир даврга жамлади.
Форумда Ўзбекистон ва Қозоғистон фанлар академиялари, ижодий уюшмалар вакиллари, жамоат арбоблари, ёзувчи ва шоирлар, санъаткорлар сўзга чиқиб, халқларимиз ўртасидаги азалий дўстлик ва қардошлик алоқалари, уни янада ривожлантириш истиқболлари юзасидан ўз фикрларини билдирди. Ҳамкорликда амалга оширилаётган ижодий лойиҳалар ва келгусидаги режалар ҳақида сўз юритилди.
[gallery-28683]
– Ўзбекистон Фанлар академияси ва бошқа илмий-тадқиқот институтлари, олий таълим муассасалари билан фаол ҳамкорликни йўлга қўйганмиз, – дейди Қозоғистон Фанлар академияси вице-президенти Асқар Жумадилдаев. – Биргаликда халқаро илмий конференциялар, семинарлар ўтказяпмиз ва бу икки давлат илм-фан соҳаси вакиллари учун манфаатли бўлмоқда. Зиёлилар форуми эса юзма-юз мулоқот қилиб, ўзаро тажриба алмашиш, янги қўшма ташаббус ва лойиҳаларни муҳокама қилиш учун қулай майдон вазифасини ўтамоқда.
Форумдан сўнг Қозоғистон Парламенти Сенати раиси Маулен Ашимбаев бошчилигидаги делегация Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ва Самарқанддаги бошқа тарихий-маданий обидалар, диққатга сазовор масканларда бўлди.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари