Улуғбек Қодиров "Лендок" кинофестивалида “Энг яхши эркак актёр” мукофотига сазовор бўлди
Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган VII Халқаро «Лендок» кинофестивалида (Lendoc Film Festival — LEFF) актёр Улуғбек Қодиров “Энг яхши эркак актёр” номинациясида ғолиб бўлди.
У мазкур мукофотга режиссёр Акбар Бектурдиевнинг “Ўзбек арслони” фильмидаги бош роли учун сазовор бўлди. Фильм айрим халқаро майдонларда “Казбек” номи билан ҳам намойиш этилган.

Тарихий-ҳарбий драма Иккинчи жаҳон уруши йилларида Беларусь ҳудудида партизанлик ҳаракатида иштирок этган, Совет иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлган Мамадали Топволдиевнинг ҳаёти ва жанговар фаолияти ҳақида ҳикоя қилади.

Фильмда қишлоқ йигитининг уруш давридаги синовлари, партизанлар сафига қўшилиши, душман ортидаги операцияларда иштироки ва урушдан кейинги ҳаёти акс эттирилган.

“Ўзбек арслони” фильми Ўзбекистон ва Беларусь киноижодкорларининг ҳамкорликдаги лойиҳаси ҳисобланади. Фильм режиссёри ва сценарий муаллифи Акбар Бектурдиев бўлиб, сценарий Жўрабек Рўзметов ва Игорь Костеченко билан ҳамкорликда ёзилган.
Фильмнинг постановкачи оператори — Ҳусан Алижонов, постановкачи рассоми — Акмал Саидов. Улуғбек Қодиров билан бирга Дирк Мартенс, Фотиҳ Насимов, Лола Усмонова ва Адҳам Акрамов фильмда рол ижро этган.
Фестиваль Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилиб, унда турли давлатлардан келган киноижодкорлар ва фильмлар иштирок этди.
Н.Усмонова,
ЎзА