«Turkmen Health-2026»: Ўзбекистон фармацевтика маҳсулотлари Туркманистон бозорида муносиб ўрин эгалламоқда
Мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини янада ошириш, хорижий ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда маҳаллий фармацевтика маҳсулотларини жаҳон бозорига кенг таништириш борасида қатор амалий ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг 10-12 октябрь кунлари Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида юқори савияда ўтказилган нуфузли «Turkmen Health-2026» халқаро кўргазмасида мамлакатимизнинг «Made in Uzbekistan» миллий стенди ташкил этилди. Унда юртимизнинг 12 та етакчи маҳаллий фармацевтика компанияси ўзларининг сўнгги йилларда эришган ютуқлари, юқори сифатли ва хавфсиз маҳсулотлари ҳамда замонавий ишлаб чиқариш салоҳиятини кенг намойиш этди.
Халқаро тадбир доирасида Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида фармацевтика ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган қатор учрашувлар ва музокаралар бўлиб ўтди. Хусусан, юртимизда ишлаб чиқарилаётган рақобатбардош дори воситаларини қўшни мамлакатда давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнларини жадаллаштириш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг Туркманистондаги давлат харидлари ва тендерларда бевосита иштирок этишини таъминлаш масалалари муҳокамалар марказида бўлди.
Музокаралар якунида Ўзбекистон фармацевтика маҳсулотларини Туркманистон бозорига кенг кўламда етказиб бериш, рўйхатдан ўтказиш тартиб-қоидаларини енгиллаштириш ва тезлаштириш, шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг Туркманистонда ўтказиладиган тендерлардаги фаол иштирокини кенгайтириш юзасидан муҳим келишувларга эришилди.
Бу каби халқаро майдонлардаги иштирок мамлакатимиз фармацевтика саноатининг экспорт географиясини сезиларли даражада кенгайтириб, миллий маҳсулотларимизнинг жаҳон миқёсидаги нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА