Туркияда мактаб ўқувчиси тартибсиз ўқ узиб, 16 кишини яралади
Туркиянинг Шонлиурфа шаҳрида жойлашган Сиверек туманида собиқ мактаб ўқувчиси мактаб биносига кириб, тартибсиз ўқ узди ва 16 кишини яралади.
- Ўн олти киши жароҳат олди, -деди ҳудуд раҳбари Ҳасан Шилдак журналистларга берган интервьюсида. - Улардан тўрттаси ўқитувчи, 10 нафари ўқувчи, бири полиция ходими ва бири ошхона ходими эди. Шифокорлар томонидан аҳволи ўртача деб баҳоланган баъзи ярадорлар вилоят марказидаги касалхоналарга ётқизилди.
Шилдакнинг айтишича, ҳужум қилган бола мактабнинг собиқ ўқувчиси бўлган. У ўрта мактабга ўтишдан олдин у ерда тўққизинчи синфда ўқиган эди. Гумонланувчи полиция уни ҳибсга олмоқчи бўлган пайтда ўз жонига қасд қилган.
- Биз мактабни тўлиқ эвакуация қилдик, -дея қўшимча қилди Ҳасан Шилдак. - Бу нохуш ҳодиса ҳуқуқий ва маъмурий жиҳатдан текширилмоқда. Айни пайтда Бош прокуратура тергов билан шуғулланмоқда ва ҳозирча воқеа сабаби ҳақида аниқ баёнот беришнинг иложи йўқ.
Г.Сатторова, ЎзА