Туркия матбуоти: Ўзбекистон ташаббуслари туркий дунёни янги босқичга олиб чиқмоқда
Туркиянинг нуфузли “Milliyet” газетасида Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилоти доирасида илгари сурган ташаббусларига бағишланган мақола чоп этилди.
“Туркий дунё қайта шаклланмоқда” сарлавҳали ушбу мақолада Ўзбекистоннинг минтақавий иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, рақамли хавфсизликни мустаҳкамлаш ҳамда транспорт-логистика алоқаларини ривожлантиришга қаратилган стратегик таклифлари атрофлича ёритилган.
Нашрнинг таъкидлашича, расмий Тошкентнинг ташаббуслари туркий давлатлар ўртасидаги шерикликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Хусусан, мақолада “Туркий рақамли коридор”ни ташкил этиш ва киберхавфсизлик бўйича ҳамкорликни кучайтириш борасидаги таклифларга алоҳида эътибор қаратилган. Бу борада ТДТга аъзо мамлакатларнинг технология соҳасидаги салоҳиятини бирлаштириш устувор аҳамият касб этиши қайд этилган.
Бундан ташқари, материалда иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш масаласига ҳам кенг ўрин берилган. Ўзбекистон томонидан илгари сурилган “Янги иқтисодий имкониятлар ҳудуди”ни ташкил этиш ҳамда Иқтисодий шериклик бўйича доимий кенгаш тузиб, унинг лойиҳа офисини Тошкентда жойлаштириш ташаббуси алоҳида эътироф этилган. Муаллифга кўра, мазкур қадамлар ўзаро савдо ва инвестиция ҳажмини каррасига ошириш учун янги уфқларни очади.
Нашрда саноат кооперациясини кенгайтириш борасидаги истиқболли ташаббуслар ҳам атрофлича ёритилган. Хусусан, “Туркий давлатлар саноат альянси”ни ташкил этиш орқали аъзо мамлакатларнинг ишлаб чиқариш қувватларини ўзаро интеграция қилиш кўзда тутилган. Бунда хомашё қазиб олиш ва уни қайта ишлашдан тортиб, илмий-технологик ечимларни жорий этиш ҳамда тайёр маҳсулот тайёрлашгача бўлган барча босқичларни яхлит қиймат занжирига бирлаштириш мақсад қилинган.
Мазкур стратегик лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширишда молиявий шерикликни кучайтириш устувор вазифа ҳисобланади. Шу боис, мақолада Туркий инвестиция жамғармаси, Ислом тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда миллий молия институтларининг салоҳиятидан самарали фойдаланиш зарурлиги қайд этилган. Шу билан бирга, экологик барқарорликни таъминлаш ва ресурсларни тежаш мақсадида “Яшил трансформация” консорциумини ташкил этиш ташаббуси алоҳида илгари сурилган.
Нашрнинг хулоса қилишича, Ўзбекистон томонидан тақдим этилган ушбу таклифлар туркий давлатлар ўртасидаги сиёсий мулоқотни амалий ҳамкорлик билан мустаҳкамлашга хизмат қилади. Мазкур ташаббусларнинг ҳаётга татбиқ этилиши ТДТ маконида савдо, саноат, транспорт-логистика ва юқори технологиялар соҳасидаги алоқаларни мутлақо янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз.
Д.ҲАКИМОВ,
ЎзА