Муносабат
Ҳозирги глобал сиёсий-иқтисодий беқарорлик, хавфсизликка таҳдидларнинг кучайиши ва минтақадаги геостратегик рақобат шароитида давлатлар ўртасидаги ўзаро ишонч, ҳамкорлик ва бирдамлик тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, тарих, тил, маданият ва урф-одатлар жиҳатидан умумий илдизларга эга бўлган Туркий давлатлар учун бундай яқинлашув, фақатгина маданий яқинлашув эмас, балки стратегик тараққиёт учун муҳим воситага айланмоқда.
Шу нуқтаи назардан, жорий йил 7 октябрь куни Озарбайжоннинг Габала шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммити жуда муҳим сиёсий воқелик сифатида қайд этилди. Саммитда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббуслар ташкилотнинг мақсад ва вазифаларини аниқ белгилаб бериш билан бирга унинг халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Хусусан, хавфсизлик бўйича ҳамкорликни кучайтириш, рақамлаштирилган иқтисодий механизмларни жорий этиш, экологик барқарорлик ва маданий яқинлашувни таъминлаш бўйича таклиф этилган дастурлар ташкилотни янги босқичга олиб чиқиш салоҳиятига эга. Ўзбекистоннинг ушбу жараёндаги етакчи ўрни, ташаббускорлиги ва амалий ҳиссаси уни ТДТнинг асосий драйвер давлатларидан бири сифатида кўрсатмоқда.
Қолаверса, бугун геосиёсий беқарорлик, етказиб бериш занжирларидаги узилишлар, хомашё нархларининг кескин ўзгариши каби омиллар миллий иқтисодиётларни барқарор ва самарали ҳамкорликка асослаш заруратини туғдирмоқда. Шу боис, Президентнинг ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва саноат кооперациясини чуқурлаштириш борасидаги ташаббуси долзарб ҳисобланади.
Яқин келажакда ташкилот доирасида янги иқтисодий имкониятлар маконини шакллантириш, биринчи навбатда, савдо, бизнес ва ўзаро инвестициялар учун энг қулай шароитларни, ҳуқуқий база ва инфратузилмани яратиш шулар жумласидан. Бунинг учун Туркий давлатларнинг иқтисодий шериклик бўйича доимий кенгашини ташкил этиш орқали бир қатор янги ташаббусларни амалга ошириш мумкин.
Жумладан, Туркий давлатларнинг Саноат альянсини тузиш ва бу орқали машинасозлик, кон саноати, электротехника, нефть-кимё, фармацевтика, енгил саноат, озиқ-овқат, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш соҳаларида етакчи компанияларимизнинг кооперация лойиҳаларини илгари суриш, ўзаро савдо ҳажмларини кескин ошириш ва техник регламентларни яқинлаштириш мақсадида “Туркий яшил йўлаклар” электрон тизимини жорий этиш зарур. Шунингдек, “яшил” энергетика, “яшил” водород ва аммиак лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш, илғор технологиялар, стандартлар ва компетенцияларни жалб қилиш, давлат ва хусусий шериклик механизмларини кенг татбиқ этиш учун “Яшил” трансформация консорциумини ташкил этиш ҳамда стратегик минераллар базасини ўзлаштириш ва қўшилган қийматли маҳсулотларни ишлаб чиқариш каби масалалар Кенгашнинг доимий эътиборида туриши даркор.
Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг ўрта коридорни ривожлантириш ва уни Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли ҳамда Трансафғон йўлаги лойиҳалари билан боғлашни қўллаб-қувватлаши ҳамда божхона тартиботини рақамлаштириш ва тарифларни оптималлаштириш муҳимлиги борасидаги ташаббуслари ҳозирги глобал логистика шароитида муҳим саналади.
Боиси, туркий давлатларнинг барчаси Евроосиё минтақасида, яъни Шарқ ва Ғарб, Жануб ва Шимол ўртасидаги геостратегик муҳим нуқтада жойлашган. Бу жойлашув уларга халқаро юк ташувларда транзит хаб сифатида иштирок этиш, қўшни бозорлар билан экспорт-импорт алоқаларини кенгайтириш ҳамда йирик транспорт ва логистика лойиҳаларида фаол иштирокчи сифатида ҳаракат қилиш имконини беради.
Президентимизнинг экстремистик ва радикал мафкурага қарши курашиш бўйича ҳаракатлар режаси ва ёшларнинг экологик саводхонлигини ошириш бўйича қўшма чора-тадбирлар ишлаб чиқиш бўйича таклифи нафақат ҳозирги замоннинг долзарб эҳтиёжларига жавоб беради, балки ташкилотга аъзо мамлакатларнинг узоқ муддатли барқарор тараққиёти учун ҳам муҳим пойдевор ҳисобланади. Шундай экан, бу ташаббусни амалга ошириш нафақат ижтимоий-маънавий барқарорлик, балки туркий дунёнинг истиқболли тараққиёти учун маърифатли авлодни тарбиялашнинг асосий кафолатидир.
Қисқача айтганда, Габала саммитида илгари сурилган ташаббуслар Туркий давлатлар ташкилотининг фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, уни минтақавий эмас, балки глобал миқёсдаги нуфузли тузилма сифатида шакллантириш имконини беради. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан таклиф этилган йўналишлар иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш, транспорт ва логистика салоҳиятини ошириш, яшил энергетика, саноат кооперацияси, хавфсизлик, таълим ва маърифат соҳаларидаги аниқ лойиҳалар орқали ТДТ давлатларининг ўзаро боғлиқлиги ва тараққиёт суръатини мустаҳкамлайди.
Ташкилот доирасида “бир овоз, бир мақсад, бир келажак” тамойили асосида амалга оширилаётган бундай саъй-ҳаракатлар туркий давлатларнинг умумий тарихий ва маънавий меросига таянади. Энг муҳими, бу ташаббуслар фақат бугунги муаммоларни ҳал этишга эмас, балки келажак авлодлар учун барқарор, инновацион ва бирлашган Туркий дунё барпо этишга қаратилган.
Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Экология ва атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси.
ЎзА