Туркий давлатлар илмий-маърифий ҳамкорлигининг янги имкониятлари
Бугунги глобаллашув даврида илм-фан, таълим ва инновация соҳаларидаги ҳамкорлик мамлакатлар ўртасидаги муносабатларнинг муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда. Айниқса, умумий тарих, тил ва маданий қадриятлар билан боғланган туркий давлатлар учун илмий салоҳиятни бирлаштириш, замонавий технологияларни ривожлантириш ва малакали кадрлар тайёрлаш борасида кенг имкониятлар мавжуд. Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик эса бу имкониятларни амалий ташаббуслар ва қўшма лойиҳалар орқали рўёбга чиқаришга хизмат қилиши мумкин.
Хўш, туркий ўлкалар ўртасидаги илмий-маърифий ҳамкорликнинг бугунги аҳамияти нимада? Мазкур йўналишда қандай истиқболли вазифалар мавжуд ва Ўзбекистон ушбу жараёнда қандай ўрин тутиши мумкин?
ЎзА мухбири туркий давлатлар ўртасидаги илмий-маърифий ҳамкорликнинг аҳамияти, истиқболлари ҳамда бу борада диёримизнинг ўрни хусусида сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси доценти вазифасини бажарувчи Жавоҳирхон Собиров фикрларини ёзиб олди.

– Туркий давлатларнинг тарихий ва маданий яқинлиги таълим ҳамда илм-фан соҳаларида мулоқот олиб бориш учун замин яратади. Бироқ бу яқинликнинг амалий натижага айланиши ҳамкорликнинг аниқ мақсадлари, ташкилий механизмлари ва молиявий имкониятларига боғлиқ. Қўшма тадқиқотлар олиб бориш, талабалар ва тадқиқотчилар алмашинувини йўлга қўйиш, илмий манбалардан биргаликда фойдаланиш орқали мавжуд алоқаларни мазмунан бойитиш мумкин. Бунда ҳар бир ўлканинг илмий эҳтиёжлари ва университетлар салоҳиятини ҳисобга олиш ҳамкорлик дастурларини аниқ вазифаларга йўналтиришга ёрдам беради.
Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) доирасидаги кўп томонлама мулоқот илмий-маърифий алоқаларни мувофиқлаштириш учун ҳам имконият яратади. Таълим сифатини ошириш, рақамли технологияларни ўзлаштириш, сув ва энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш каби масалалар турли соҳа тадқиқотчиларининг биргаликда ишлашини тақозо этади. Бу йўналишларда илмий ҳамкорликни ривожлантириш тажриба алмашиш билан чекланмай, муайян муаммога қаратилган қўшма лойиҳалар, илмий натижаларни синовдан ўтказиш ва улардан амалиётда фойдаланишни ҳам қамраб олиши лозим.
Ўзбекистон учун бундай ҳамкорлик олий маълим муассасаларининг халқаро алоқаларини кенгайтириш, ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш ва миллий иқтисодиёт эҳтиёжларига мос илмий лойиҳаларни ривожлантириш нуқтаи назаридан кўриб чиқилиши мумкин. Айни пайтда ташаббусларнинг бажарилиш механизмлари, молиялаштириш манбалари ва кутилаётган натижаларини аниқ белгилаш масаласи ҳам таҳлилни талаб этади. Бу ёндашув таклифларнинг амалий имкониятларини уларнинг умумий мақсадларидан ажратиб баҳолашга ёрдам беради.
Туркий мамлакатлар ўртасидаги илмий-маърифий ҳамкорликда Турк академияси, Турк университетлари иттифоқи ва “Орҳун” академик алмашинув дастури муҳим ўрин тутади. Ушбу тузилмалар университетлар ва олимлар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда таълим тажрибасини алмашиш учун имконият яратади. Хусусан, академик мобиллик ёшларнинг касбий билимларини ошириш билан бирга, туркий мамлакатлар ўртасида узоқ муддатли илмий ва профессионал алоқаларнинг шаклланишига ёрдам беради.
Эндиликда ҳамкорликни анъанавий гуманитар фанлар билан чеклаб қўймасдан, сунъий интеллект, рақамли технологиялар, космик тадқиқотлар, биотехнология ва экологик хавфсизлик каби йўналишларда ҳам ривожлантириш зарур. Замонавий илм-фан катта молиявий маблағ, илғор инфратузилма ва малакали мутахассисларни талаб қилади. Шу сабабли, туркий давлатларнинг илмий салоҳиятини бирлаштириш қўшма лабораториялар, тадқиқот марказлари ва инновацион лойиҳаларни ривожлантириш учун янги имкониятлар очади. Масалан, сунъий интеллект соҳасида қўшма тадқиқотлар ўтказиш, докторантлар учун илмий дастурлар ташкил этиш, стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва рақамли технологиялар бўйича тажриба алмашиш мумкин.
Космик тадқиқотлар ҳам истиқболли йўналишлардан бири. Сунъий йўлдош технологиялари, космик маълумотлардан фойдаланиш ва малакали муҳандислар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик мамлакатларнинг технологик имкониятларини кенгайтиради. Бундан ташқари, чўлланиш, қурғоқчилик ва иқлим ўзгариши каби муаммоларни ўрганишда ҳамкорликдаги илмий тадқиқотлар муҳим аҳамиятга эга. Ушбу масалалар бир ўлка доирасида ҳал этилиши қийин бўлганлиги сабабли умумий маълумотлар базаси ва қўшма мониторинг тизимларини яратиш мақсадга мувофиқ.
Ўзбекистон ўзининг илмий салоҳияти, олий таълим муассасалари ва халқаро ҳамкорлик тажрибаси билан туркий давлатлар илмий-маърифий ҳамкорлигининг фаол иштирокчиси бўлиш учун зарур имкониятларга эга. Юртимиз университетларининг туркий давлатлар олий таълим муассасалари билан алоқаларини кенгайтириш, қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш ва ёш олимларнинг академик алмашинувини ривожлантириш муҳим вазифалардан ҳисобланади. Шунингдек, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида туркий давлатлар ёш олимларининг форумлари, сунъий интеллект бўйича илмий мактаблар ҳамда сув ва иқлим муаммоларига бағишланган халқаро анжуманларни мунтазам ташкил этиш лозим.
Ҳамкорлик самарадорлигини ошириш учун бир нечта амалий йўналишга эътибор қаратиш керак:
– қўшма илмий тадқиқотларни молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш;
– талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинувини кенгайтириш;
– таълим дастурлари ва дипломларни ўзаро тан олиш имкониятларини ривожлантириш;
– сунъий интеллект, космик технологиялар ва экология соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш;
– илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш ва тижоратлаштириш бўйича ҳамкорликни кучайтириш.
Туркий давлатлар билан илмий ҳамкорликни бошқа халқаро шерикликларга муқобил сифатида эмас, балки Ўзбекистоннинг глобал илмий алоқаларини кенгайтирувчи қўшимча имконият сифатида ривожлантириш муҳимдир. Туркий давлатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг келгуси босқичи тарихий ва маданий яқинликни замонавий илмий ҳамкорлик билан мустаҳкамлашга боғлиқ. Бунинг учун мавжуд ташкилотлар ва дастурлар фаолиятини аниқ натижаларга йўналтириш, барқарор молиялаштиришни таъминлаш ҳамда қўшма илмий лойиҳалар сони ва самарадорлигини ошириш зарур.
Умуман олганда, туркий давлатлар ўртасидаги илмий-маърифий ҳамкорликни ривожлантириш тарихий ва маданий яқинликни аниқ илмий вазифалар билан боғлашни талаб этади. Университетлар ва тадқиқот муассасалари ўртасидаги алоқаларни қўшма лойиҳалар билан бойитиш, академик алмашинув натижаларидан таълим ва тадқиқот сифатини оширишда фойдаланиш зарур. Бунда ҳамкорлик самарадорлигини эришилган келишувлар билан бирга, яратилган илмий ишланмалар ва уларнинг амалий қўлланиши орқали баҳолаш мақсадга мувофиқ.
Сунъий интеллект, космик технологиялар, сув ресурслари ва иқлим муаммолари бўйича ҳамкорликни ҳар бир мамлакатнинг эҳтиёжлари ҳамда мавжуд имкониятларига мос равишда йўлга қўйиш лозим. Устувор лойиҳаларни танлашда уларнинг амалий фойдаси, молиявий таъминоти ва бажарилиш муддатларини ҳисобга олиш муҳим ҳисобланиди. Қўшма лабораториялар ва маълумот алмашиш тизимларини ривожлантириш эса тадқиқотчилар салоҳиятидан биргаликда фойдаланишга, илмий натижаларни амалиётга татбиқ этишга ёрдам бериши мумкин.
Республикамизнинг мазкур жараёндаги иштироки миллий таълим ва илм-фан олдидаги вазифалар билан уйғунлашиши керак. Ёш олимларни қўллаб-қувватлаш, университетлараро ҳамкорликни кенгайтириш ва тадқиқотларни иқтисодиёт эҳтиёжларига йўналтириш бу борадаги амалий вазифалардир. Туркий давлатлар билан илмий алоқаларни бошқа халқаро шерикликлар билан уйғун ривожлантириш Янги Ўзбекистоннинг билим ва технология алмашинувидаги имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Ў.Алимов, ЎзА