Тур якунлари
Ўзбекистон Суперлигасида 9-тур учрашувлари ўз якунига етди. Турни "Сурхон" - "Машъал" қарама-қаршилиги очиб берди. Ўйиннинг илк таймида ҳисоб очилмади, аммо 60-дақиқада ғузорликлар аъзоси Самандар Очилов пенальтидан ҳисобни очди ва ҳаммаси "Машъал"нинг турнирдаги илк ғалабасига қараб кетаётганди. Бироқ Чинеду 84-дақиқада орадаги фарқни йўққа чиқарди. 90+2-дақиқада эса Камрон Юсупов айнан Чинедунинг узатмасидан сўнг ҳисобни 2:1 кўринишига келтирди ва "Сурхон" камбэк соҳибига айланди.
Турнир пешқадами саналган "Пахтакор" эса бу турда анча ишончли ўйин кўрсатаётган "Бухоро" билан баҳс олиб борди. Учрашувда Башар Ресан томонидан 15-дақиқада киритилган гол ягоналигини сақлаб қолди ва "шерлар" пешқадамликни давом эттирадиган бўлди.
Турнир иккинчи кунги ўйинлари анча голларга бой ўтди. Хусусан, "Насаф" ҳамда "Локомотив" иштирокидаги баҳсда мухлислар 5 та гол гувоҳи бўлди. Дастлаб, Шароф Муҳитдинов 23-дақиқада ҳисобни очган бўлса, Сардор Мирзаев тайм якунланиши арафасида орадаги фарқни йўққа чиқарди. Иккинчи бўлимда эса Темурхўжа Абдихолиқов 63-дақиқа ўтиб бораётган бир пайтда "темирйўлчилар"ни олдинга олиб чиқди. 73-дақиқада эса Ойбек Рустамов ўз дарвозасини ишғол этиб қўди ва фарқ иккитагача ошди. Фақатгина Юсуф Отубанжо 88-дақиқада ҳисобни 3:2 кўринишига келтирди. "Аждарлар" ўз майдонида пойтахт клубига мағлуб бўлди.
"Динамо" - ОКМК баҳси ҳам қизиқарлилик жиҳатдан "Насаф" - Локомотив" ўйинидан қолишмади. Ўйиннинг илк дақиқасидаёқ ОКМК аъзоси Аброр Каримов ўз дарвозасини ишғол этиб қўйди. 21-дақиқада эса "Динамо"нинг тажрибали футболчиси Салим Мустафоев қизил карточка олиб, майдонни тарк этди. Шунга қарамай, самарқандликлар 31-дақиқада Жалолиддин Жумабоевнинг голи орқали фарқни иккитага етказди. Бироқ иккинчи бўлим тўлиқ ОКМКнинг устунлигида ўтди. Азиз Холмуродов ва Урош Койич томонидан киритилган голлар эвазига Миржалол Қосимов шогирдлари бир очкога эга чиқди.
"Навбаҳор" ҳамда "Сўғдиёна" ўртасидаги ўйинда жамоалар муроса кўчасини танлади. Люпчо Дориев 71-дақиқада ўзининг ажойиб ҳаракатлари орқали жиззахликларни олдинга олиб чиқди. 90+4-дақиқада эса Исломбек Маматказин "лочинлар"ни мағлубиятдан қутқариб қолган голга муаллифлик қилди.
9-турдан ўрин олган "Бунёдкор" - "Андижон" баҳсида "бургутлар" узоқ кутилган ғалабани тантана қилди. 6-дақиқадаёқ Имеда Оширтиа ҳисобни очган бўлса, 71-дақиқага келиб Усмонали Исмоналиев фарқни иккитага ошириб қўйди. 73-дақиқада эса захирадан майдонга тушган Азизбек Турғунбоев ҳисобни йирик 3:0 кўринишига келтирди. 90+3-дақиқа ўтиб бораётган бир пайтда эса Наримон Аҳмаджонов "қалдирғочлар"ни йирик мағлубиятдан қутқариб қолди. Якуний натижа 3-1. "Андижон" фойдасига.
"Қизилқум" - "Қўқон-1912" баҳсида Тома Табатадзе ҳисобни очган бўлишига қарамай, навоийликлар қисқа муддат ичида камбэк амалга оширди. Акмалжон Музаффаровнинг 21 ҳамда 32-дақиқада киритган голлари "Қизилқум"га навбатдаги уч очкони тақдим этди.
Турнирнинг асосий фаворитларидан бири саналган "Нефтчи" "Хоразм" майдонига сафар қилиб, ишончли ғалабани қўлга киритди. Стипе Перица 14-дақиқада ҳисобни очди. Аброрбек Исмоилов эса 64-дақиқа ўтиб бораётган бир пайтда ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди.
Айни вақтда Суперлига турнир жадвалида "Пахтакор" ҳамда "Нефтчи" рақибларидан анча илдамлаб кетган ҳолда, бир ва иккинчи ўринларни банд этиб турибди. Уларнинг ҳар иккисида 24 очко бор. 19 очкога эга "Навбаҳор" эса кучли учликка якун ясаган.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ABnNHpZATFM" title="O`zbekiston Superligasida 9-tur yakunlari" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Карим Худайқулов, ЎзА