Тўйга — тўёна: Нурафшонда янги ер ости йўлаги очилди
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик шодиёналари арафасида Нурафшон шаҳрида аҳоли учун яна бир муҳим қулайлик яратилди. Шаҳарда замонавий ер ости пиёдалар йўлаги фойдаланишга топширилди.
Янги иншоот транспорт ҳаракатини тартибга солиш, пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш ва шаҳар муҳитини янада қулайлаштиришга хизмат қилади. Тантанали очилиш маросимида Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, Нурафшон шаҳар ҳокими Қобил Ҳамдамов, вилоят ва шаҳар фаоллари, соҳа мутахассислари, нуронийлар ҳамда аҳоли вакиллари иштирок этди.

Тадбирда янги иншоотнинг имкониятлари, шунингдек, Нурафшон шаҳрида транспорт ва пиёдалар инфратузилмасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Узунлиги 44 метр, кенглиги 4,5 метр, баландлиги 2,5 метр бўлган ер ости йўлаги замонавий талаблар асосида барпо этилган бўлиб, пиёдаларнинг хавфсиз ва қулай ҳаракатланиши учун хизмат қилади.

Айниқса, серқатнов ҳудудда мазкур иншоотнинг фойдаланишга топширилиши транспорт воситалари ва пиёдалар ҳаракатини хавфсиз ташкил этишда муҳим аҳамият касб этади.

Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилган ушбу иншоот Нурафшон аҳли учун муносиб туҳфа бўлиб, шаҳарнинг замонавий қиёфасини янада бойитмоқда.
А.Мусаев,ЎзА