Тошкентдан Доҳага, Шаржадан Филадельфияга: Ўзбекистонлик ёш мутахассиснинг глобал йўли
Дурбек Собиров – Ҳамад халқаро аэропортида ФИФА Жаҳон чемпионатини ўтказган, Шаржа аэропортида профессионал маҳоратини шакллантирган ўзбекистонлик мутахассис ҳақида...
Дунёнинг энг гавжум аэропортларидан бирида, миллионлаб йўловчи қадами кесишган жойда бир ўзбекистонлик ўз касбий маҳоратини синаб кўрди ва дунёнинг энг йирик спорт тадбирларидан бирини муваффақиятли ўтказишда иштирок этди. Дурбек Собировнинг авиация соҳасидаги етти йиллик йўли уни Бирлашган Араб Амирликларидан Қатарга, сўнгра Америка Қўшма Штатларига етаклади ва бу йўлнинг ҳар бир босқичи унга ноёб тажриба, касбий кўникма берди.

Шаржадан бошланган йўл: “Air Arabia” компаниясидаги дастлабки тажриба
Дурбек Собиров халқаро авиация соҳасига 2017 йил БАА Шаржа шаҳрида, минтақанинг етакчи арзон парвоз компанияси “Air Arabia” орқали кириб келди. Сара мижозларга хизмат кўрсатиш бўйича мутахассис лавозимида ишлаган даврида у йўловчиларни рўйхатдан ўтказиш жараёни, кутиш логистикаси ҳамда ер билан алоқани бошқаришга доир амалий тажриба тўплади.
Айнан Шаржа аэропортида ёш ўзбек йигити авиация хавфсизлиги ва хизмат кўрсатиш протоколига риоя этишнинг аҳамиятини чуқур англаб етди. Шунингдек, Форс кўрфази минтақасидаги авиакомпаниялар юк ҳужжатини юритиш, божхона мувофиқлаштируви ҳамда Яқин Шарқ ва Марказий Осиё савдо йўналишлари бўйлаб чегаралар аро логистикани бошқариш бўйича ихтисослашган билим, кўникма эгаллади. Айнан шу давр – 2017-2019 йиллар унинг келажакдаги ютуқлари учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилди.
Дунёнинг энг яхши – Ҳамад халқаро аэропортида
2020 йил Собиров фаолиятида муҳим бурилиш юз берди: у Қатар пойтахти Доҳа шаҳридаги Ҳамад халқаро аэропортига хизмат кўрсатиш бўйича назоратчи лавозимига таклиф қилинди. Бу аэропорт “Skytrax” рейтингида 2021-2024 йиллар оралиғида кетма-кет тўрт марта “Дунёдаги энг яхши аэропорт” мавқеини ўзида сақлаб турган.
Тўрт йил давомида – 2020-2024 йиллари Дурбек МАТАR (Qatar Airport Company) таркибида 24 соатлик хизмат кўрсатиш амалиёти жараёнини бошқарди. Йилига 40 миллиондан зиёд йўловчи қабул қиладиган йирик ҳаво йўли тугунида кўп миллатли жамоани назорат қилди. Аэропорт операцияларини бошқариш маркази (АОСС) фаолиятини мувофиқлаштириб, халқаро авиация стандарти иш тартиби (SОP)га қатъий риоя этилишини таъминлади.
ФИФА Жаҳон чемпионати-2022: тарихий синов
Дурбек Собиров фаолиятининг энг ёрқин ва муҳим саҳифаларидан бири 2022 йилги ФИФА Жаҳон чемпионати давомида ёзилди. Араб дунёсида илк бор Қатарда ўтган ушбу улкан спорт анжумани давомида Ҳамад халқаро аэропорти орқали 1 миллион 400 мингдан кўп меҳмон ўтди. Бу мамлакат ҳаво ҳаракати тарихидаги энг юқори йўловчи оқими сифатида аэропорт инфратузилмаси ва ходимлари учун ҳақиқий синов бўлди.
Қаҳрамонимиз ушбу тарихий тадбир давомида амалиёт логистикасини бошқариш жараёни олдинги сафида туриб, йўловчи ва юк оқимини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш ташаббусини бошқаришга муносиб ҳисса қўшди. Йўловчи оқими кескин кучайган даврга тайёргарлик кўриш учун махсус ўқув дастурларини ишлаб чиқди ва амалга оширди, реал вақт режимида самарадорликни ўлчаш тизимини жорий этди.
Муҳими, ўзига хос кучли босим остида ҳам унинг бошқарувидаги амалиёт бирор узилиш қайд этилмади. Зеро, миллионлаб йўловчи оқими шароитида “ноль носозлик” кўрсаткичига эришишдек муваффақият юқори даражадаги маҳорат талаб қиладиган жараёндир.
– ФИФА Жаҳон чемпионати даврида ишлаш ҳаётимдаги энг жиддий профессионал синовлардан биридир, – деб эслайди Дурбек. – Ҳар куни минглаб янги қиёфа, турли тил, маданият билан муносабатга киришиш – ҳаммаси бир мақсадга, хуш муомала билан хавфсиз ва батартиб хизмат қилишга қаратилган эди. Мазкур жараён менга шуни англатдики, муносиб тайёргарлик ва кучли жамоа билан ҳар қандай вазифани уддалаш мумкин.
Кўп тиллилик – глобал авиациянинг калити
Шунингдек, Ҳамад халқаро аэропортидаги фаолияти давомида Дурбек Собиров ходимларни ўқитиш дастурларини бошқарди, қабул қилинган иш тартибига риоя этиш кўрсаткичини ишлаб чиқди, авиакомпания ҳамкорлари, ерда хизмат кўрсатувчилар ва хавфсизлик идоралари фаолиятини мувофиқлаштирди. Инглиз, рус ва яна бир неча тилда эркин мулоқот қила олиши унга турли миллат вакилларидан иборат ходимлар жамоаси ва дунёнинг ҳар бурчагидан келган йўловчилар билан самарали ишлаш имконини берди.
Америкага йўл: янги босқич
Бугунги кунда Дурбек Собиров АҚШнинг Пенсильвания штатидаги Филадельфия шаҳрида истиқомат қилмоқда. Тўрт мамлакат – Ўзбекистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар ва Америка Қўшма Штатлари бўйлаб тўққиз йил мобайнида тажриба орттирган ватандошимиз ўз билимини глобал бозорга олиб кириб, юртимиз ёшлари иқтидорини жаҳон миқёсида муносиб тарзда намоён этаётган ўзбек мутахассисларининг ёрқин вакили, десак муболаға эмас.
Собиров ҳақидаги митти ҳикоя дунё майдонида мартабага эришишни орзу қиладиган минглаб ёшларимиз учун ибрат бўлар, эҳтимол. Зеро, унинг йўли изчиллик, тинимсиз меҳнат ва доимий равишда ўсишга интилиш намунасидир.
– Шаржадан Доҳагача, Доҳадан Филадельфиягача – ҳар бир босқич менга ўзгача сабоқ берди, – дея давом эттиради сўзини Дурбек Собиров. – Ўзбекистон қалбимга меҳнатсеварлик ва садоқат қадриятини эккан. Менинг камтарона фаолиятим мамлакатимиз ўғил-қизларини улкан орзулар, чегарасиз мукаммаллик сари интилиш йўлида илҳомлантиришига ишонгим келади.
Дарҳақиқат, Дурбек Собиров шахси бугунги кунда ўз қобилиятини намоён этишлари учун барча шароит муҳайё этилган Янги Ўзбекистон ёшлари ҳар қандай юқори чўққиларни забт эта олишига ёрқин мисолдир. Бинобарин, ҳозир келажак авлод учун барча чегаралар очиқ: ўқиш, изланиш, меҳнат, касбий билим ва дунёга соғлом назар ташлаш билан ҳар қандай эзгу орзуни рўёбга чиқариш мумкин...
Ғайрат Хонназаров тайёрлади. ЎзА