Тошкентда журналистларнинг рақамли хавфсизлигига бағишланган семинар-тренинг ўтказилди
Тошкент шаҳрида “Рақамли даврда журналист хавфсизлиги: онлайн, офлайн ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимояланиш” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Швейцария ҳамкорлик ташкилоти, UNESCO ҳамда Президент администрацияси ҳузуридаги Контент тайёрлаш маркази ҳамкорлигида маҳаллий журналистлар учун ташкил этилган тадбирда замонавий рақамли муҳитда хавфсиз ишлаш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, шахсий маълумотни ҳимоя қилиш ва ҳуқуқий механизмдан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
UNESCO тузилмасининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси коммуникация ва ахборот бўлими бошлиғи Баҳром Ражабов ушбу дастур доирасида уч асосий йўналиш – ифода эркинлиги, ахборот олиш ва журналист хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлади.
– Замонавий дунёда журналистика хавфсизлик етарли таъминланмаган касблардан бирига айланди, – деди мулозим. – Айрим мамлакатларда давом этаётган низолар туфайли журналистлар касб фаолиятини амалга оширишда турли тўсиқларга учрамоқда. Афсуски, тинч ҳудудларда ҳам ҳамкасбларимизга нисбатан турли босим ва таҳдидлар кузатилиши сир эмас. Ушбу машғулотдан кўзланган мақсад журналистларга фаолияти давомида хавфсизликни таъминлаш бўйича зарур бўладиган тамойиллар ҳақида халқаро ва маҳаллий экспертлар иштирокида маълумот беришдан иборат.
Семинар тингловчиларидан бири, “Sevimli TV” телеканали “Zamon” ахборот дастури мухбири Саидакбар Мўминов ҳам мавзу жуда долзарблигини қайд этди:
– Баъзан танқидий ёки таҳлилий материал тайёрлаш жараёнида журналистга босим бўлиши эҳтимоли йўқ эмас. Бу ҳолат жаҳон матбуотида ҳам кузатилади. Шунингдек, сўнгги йилларда рақамли хатар ҳам кучайган. Бугунги журналист ижтимоий тармоқда фаол, шахсий саҳифа юритади. Айни шу жиҳат хакерлик ҳужуми ёки маълумот сизиб чиқиши хавфини оширади. Умуман, касб фаолиятимизда бу муаммо яққол сезилади.
Семинар давомида иштирокчиларга амалий машғулот ҳам ўтилиб, эксперт тавсияси орқали рақамли ва ҳуқуқий таҳдиддан ҳимояланиш бўйича зарур кўникма берилди.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА