Тошкентда Ўзбекистон – Чехия бизнес-форуми бўлиб ўтди
Тошкент шаҳрида Чехия Республикаси Бош вазири Андрей Бабишнинг мамлакатимизга расмий ташрифи доирасида икки давлат ишбилармон доираларининг қўшма бизнес-форуми ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Чехия Республикаси Бош вазири Андрей Бабиш иштирок этди.
Форумда икки мамлакатнинг етакчи саноат корхоналари, инвестиция компаниялари ва молиявий тузилмалари вакиллари жам бўлди. Хусусан, Чехия делегацияси таркибидан машинасозлик, энергетика, кимё, фармацевтика ва транспорт-логистика соҳаларида фаолият юритувчи 50 дан ортиқ йирик компания раҳбарлари жой олди.
Таъкидланганидек, сўнгги саккиз йил ичида Ўзбекистон ва Чехия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми икки баробарга ошди. Бугунги кунда мамлакатимизда Чехия капитали иштирокида 36 та қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Фармацевтика, озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва туризм соҳалари ўзаро ҳамкорликнинг муваффақиятли йўналишлари сифатида қайд этилди.
Музокаралар давомида иқтисодий алоқаларни янги босқичга олиб чиқишнинг қатор истиқболли йўналишлари ҳақида сўз борди.
Чехия компаниялари мис ва бошқа рангли металларни қазиб олиш, уларни чуқур қайта ишлаш ҳамда тоғ-кон техникаларини маҳаллийлаштириш лойиҳаларига таклиф этилди.
Гидроэлектрстанциялар қуриш, когенерация ускуналарини ўрнатиш, соҳани рақамлаштириш ва энергия самарадорлигини ошириш бўйича шерикликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистоннинг IT-парклари ва соҳадаги 100 мингдан зиёд мутахассис салоҳиятидан фойдаланган ҳолда учинчи давлатлар бозори учун қўшма рақамли маҳсулотлар яратиш имкониятлари муҳокама қилинди.
[gallery-29092]
Мамлакатимиздаги кимё кластерлари негизида минерал ўғитлар, полимерлар ва маиший кимё воситалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, шунингдек, фармацевтика соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Икки давлатнинг географик жойлашуви стратегик аҳамиятга эга экани алоҳида қайд этилди. Бу Ўзбекистон учун Европа Иттифоқи бозорига, Чехия учун эса Марказий Осиё бозорига чиқишда дарвоза вазифасини ўтайди. Шу муносабат билан, паритет асосида савдо уйлари ва логистика марказларини ташкил этиш таклифи илгари сурилди.
Ўзбекистон томони чехиялик инвесторлар учун махсус саноат паркларида яратилган имкониятлар ва Европа компаниялари учун тақдим этилаётган алоҳида имтиёзларга тўхталиб ўтди.
Ўз навбатида, Чехия Бош вазири ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини билдириб, аниқ инвестициявий таклифларини тақдим этди.
Форум якунида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор муҳим ҳужжатлар ва битимларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Икром АВВАЛБОЕВ, Сарвар ЎРМОНОВ(сурат), ЎзА