Тошкентда ижара нархи қайси туманларда қиммат?
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти ахборот хизматининг маълум қилишича, 2026 йил май ойи якунларига асосан Тошкент шаҳрида уй-жой ижара бозорида умумий медиан нарх 550 АҚШ доллари даражасида барқарор сақланиб қолган. Бу кўрсаткич апрель ойига нисбатан ўзгармаган бўлса-да, 2025 йил май ойига нисбатан 10 фоизга юқори ҳисобланади.
Таҳлилларга кўра, май ойида ижара таклифлари сезиларли даражада камайган. Агар апрель ойида 22,8 мингта эълон қайд этилган бўлса, май ойида бу кўрсаткич 18,1 мингтага тушган, яъни қарийб 21 фоизга қисқариш кузатилган.
Таклифнинг асосий қисми Мирзо Улуғбек, Миробод ва Юнусобод туманларига тўғри келади. Ушбу уч туман жами ижара эълонларининг қарийб 42 фоизини ташкил этади.
Ижара нархлари ҳудудлар кесимида сезиларли фарқ қилади. Энг қиммат туманлар қаторида Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой алоҳида ажралиб туради. Масалан, бир хонали уйлар Мирободда 600 долларгача етса, Олмазор, Сергели ва Учтепа туманларида 350 доллар атрофида. Уч хонали уйлар Миробод ва Шайхонтоҳурда 1000 долларгача етса, Сергели ва Учтепада 450 доллар атрофида шаклланган. Тўрт ва ундан ортиқ хонали уйлар бўйича эса Миробод ва Яккасарой энг қиммат манзиллар сифатида сақланиб қолмоқда.
Бозорда 2 хонали хонадонлар асосий улушни эгаллаб, умумий эълонларнинг 59,6 фоизини ташкил этган. 3 хонали уйлар 26 фоиз, 1 хонали уйлар 10,9 фоиз, 4 ва ундан ортиқ хонали уйлар эса 3,5 фоиз.
Нарх динамикасига қаралганда, 1 хонали уйларда йиллик ўсиш 14,3 фоизни ташкил этган. 2 ва 3 хонали уйларда нархлар деярли ўзгармаган бўлса, 4 ва ундан ортиқ хонали сегментда 20 фоизгача пасайиш кузатилган.
Хулоса қилиб айтганда, 2026 йил май ойида Тошкент ижара бозорида умумий нарх барқарор қолган. Бироқ таклиф ҳажми қисқарган, ҳудудлар ва хонадон турлари кесимида эса фарқлар юқори даражада сақланиб қолмоқда.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА