Тошкентда ер муносабатларига бағишланган халқаро конференция бошланди
2026 йил 20–21 апрель кунлари Тошкент шаҳрида “Марказий Осиёда ер муносабатлари ва ер сиёсати тарих нигоҳида (Темурийлар давридан шу кунгача)” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтмоқда.
Мазкур конференция ер муносабатлари ва ер сиёсати ривожланишининг тарихий босқичларини чуқур ўрганиш, замонавий ёндашувлар ва инновацион технологияларни муҳокама қилиш, шунингдек, минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятли.
Конференциянинг очилиш маросимида ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, тарихий тажриба ва замонавий ислоҳотларнинг уйғунлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, ер муносабатларини такомиллаштириш иқтисодий барқарорликни таъминлашда муҳим омиллардан бири ҳисобланади.
[gallery-28851]
Анжуман доирасида бир қатор долзарб йўналишлар бўйича маърузалар тингланди ва муҳокамалар ўтказилди. Жумладан, Темурийлар даврида ер эгалиги тизими ва унинг тарихий аҳамияти, Марказий Осиёда ер сиёсатининг эволюцияси, замонавий кадастр тизимини ривожлантириш, геоахборот технологиялари асосида ер ресурсларини мониторинг қилиш ҳамда кўчмас мулкни баҳолашнинг замонавий механизмлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, конференция доирасида “Ер муносабатлари ва ер сиёсати (Темурийлар давридан ҳозирги кунгача)” номли илмий нашр тақдимоти ҳам ўтказилди. Мазкур китобда ер муносабатларининг тарихи, ҳуқуқий асослари ва замонавий ривожланиш тенденциялари илмий жиҳатдан таҳлил қилинган.
Тадбирнинг иккинчи куни иштирокчилар Республика аэрогеодезия маркази ҳамда Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, соҳадаги илғор тажрибалар ва тарихий мерос билан яқиндан танишади.
Мазкур халқаро конференция илмий тажриба алмашиш, долзарб муаммоларни муҳокама қилиш ҳамда Марказий Осиёда ер сиёсати ва ер муносабатларини янада такомиллаштириш бўйича муҳим платформа вазифасини ўтамоқда.
Анжуман доирасида билдирилган таклиф ва тавсиялар ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, кадастр тизимини такомиллаштириш ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
— Бугунги анжуман ер муносабатлари соҳасидаги тарихий тажриба ва замонавий ислоҳотларни бирлаштиргани билан аҳамиятли, — дейди Тарих институти директори, академик Азамат Зиё. — Айниқса, Темурийлар даврида шаклланган ер бошқаруви тизими Марказий Осиё давлатларида давлат бошқаруви ва иқтисодий муносабатларни тартибга солишда муҳим ўрин тутган.
Бугунги кунда ҳам ер ресурсларини бошқариш масаласи долзарблигини сақлаб қолмоқда. БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти маълумотларига кўра, ер ресурсларидан самарали фойдаланиш иқтисодий ўсиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Марказий Осиё давлатларида қишлоқ хўжалиги, саноат ва инфратузилма ривожи бевосита ер ресурсларига боғлиқ. Шу боис ер муносабатларини тўғри ташкил этиш иқтисодий барқарорликка хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова,
Ойбек Пардаев (сурат),
ЎзА мухбири