Тошкентда “Al Jazeera Media Week” халқаро медиа ҳафталиги муваффақиятли якунланди
Тошкент шаҳрида медиа соҳаси вакиллари учун йилнинг муҳим воқеаларидан бири — “Al Jazeera Media Week” халқаро медиа ҳафталигининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (МТРК) ҳамда “Al Jazeera Media Network” ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур нуфузли тадбир Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги дўстлик, ўзаро ишонч ва манфаатли ҳамкорлик муносабатларининг медиа соҳасидаги амалий ифодаси бўлди.

Бир ҳафта давомида иштирокчилар замонавий медиа соҳасидаги энг долзарб тенденциялар — рақамлашув, сунъий интеллект, янги ахборот форматлари ва мультимедиа технологиялари бўйича халқаро тажриба билан танишдилар. Ўқув дастури бешта асосий йўналишни қамраб олди. Мобиль журналистика (Mobile Journalism), сунъий интеллект (Artificial Intelligence), рақамли медиа (Digital Media), визуал материалларни лойиҳалаш ва таҳрирлаш (Designing and Editing Visuals), умумий медиа кўникмалар (General Media Skills) шулар жумласидандир.

Медиа ҳафталигининг муҳим жиҳатларидан бири — тадбирда фақат МТРК ходимлари эмас, балки мамлакатимизда фаолият юритаётган «Дунё» ахборот агентлиги, «Renaissance TV», «ZO‘R TV», «MY5», «Seimli» каби етакчи нодавлат телеканаллар вакиллари ҳамда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг иқтидорли талабалари ҳам иштирок этганидир.
Жами 100 нафарга яқин журналист, медиа мутахассиси ва ёшлар қамраб олинган интенсив ўқув машғулотлари “Al Jazeera”нинг тажрибали мутахассислари томонидан олиб борилди. Ҳафталик якунида курс иштирокчиларига халқаро даражадаги сертификатлар топширилди.

Тантанали ёпилиш маросимида Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситалари ходимларининг касбий маҳорати ва салоҳиятини ошириш давлат сиёсатида муҳим ўрин тутиши таъкидланди. Шунингдек, замонавий медиа муҳити талабларига жавоб берадиган, халқаро тажриба ва инновацион ёндашувларни чуқур ўзлаштирган малакали кадрларни тайёрлаш муҳим вазифалардан бири экани қайд этилди.
“Al Jazeera” телеканалининг профессионал мутахассислари томонидан ўтказилган тренинглар иштирокчилар учун замонавий журналистика ва медиа технологияларини амалиётда ўрганиш имконини берган ўзига хос маҳорат мактабига айланди. Машғулотлар давомида илғор ахборот форматлари, визуал контент яратиш, мобил журналистика ҳамда сунъий интеллектдан медиа соҳасида самарали фойдаланиш бўйича янги билим ва кўникмалар берилди.

Таъкидлаш жоизки, “Al Jazeera Media Week” нафақат малака ошириш, балки янги ғоялар, профессионал мулоқот ва халқаро тажриба алмашинуви учун муҳим платформа вазифасини ҳам бажарди. Ҳафталик доирасида илгари сурилган инновацион ёндашувлар ва замонавий медиа ечимлари Ўзбекистон ахборот маконининг янада ривожланишига хизмат қилиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, медиа соҳасидаги узоқ муддатли ҳамкорликнинг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлаш мақсадида “Al Jazeera Media Institute” ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ўртасида ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур ҳужжат келгусида қўшма ўқув дастурларини ташкил этиш, экспертлар алмашинувини йўлга қўйиш, мутахассисларнинг малакасини ошириш ҳамда йирик медиа ва контент лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш учун янги имкониятлар яратади.

“Al Jazeera Media Week” халқаро медиа ҳафталиги шу тариқа замонавий журналистика, инновацион технологиялар ва халқаро ҳамкорликни уйғунлаштирган муҳим профессионал майдон сифатида ўз ишини якунлади.
ЎзА