Тошкентда 25 апрелдан 4 та автобус йўналиши ўзгаради
Тошкент шаҳрида жамоат транспорти тизимини такомиллаштириш доирасида 25 апрелдан бошлаб 106, 7, 141 ва 103-сонли автобус йўналишларига ўзгартишлар киритилади. Бу ҳақда шаҳар транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси маълум қилди.
Амалга оширилаётган ўзгаришлар йўналишлар ўртасидаги такрорланишларни бартараф этиш, ҳаракат интервалларини қисқартириш ҳамда йўловчилар учун янада қулай шароит яратишга қаратилган.
Жумладан, 106-сонли автобус йўналиши қисқартирилиб, эндиликда у «Учхоз маҳалласи»дан «Халқаро аэропорт»гача бўлган оралиқда ҳаракатланади. Илгари мазкур автобус «Саодат» савдо марказигача қатнар эди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, аэропортдан «Саодат» савдо марказигача бўлган ҳудудда ҳозирнинг ўзида 11, 40, 45, 47, 67, 76, 77 ва 94-сонли автобуслар хизмат кўрсатмоқда. Шу боис йўловчилар учун муқобил транспорт имкониятлари сақланиб қолади.
7-сонли автобус йўналишининг Юнусобод 19-даҳасидан 9-даҳасигача бўлган бир томонлама ҳаракат қисми ҳам ўзгармоқда. Энди автобус Янги шаҳар ва Рихсилий кўчалари орқали ҳаракатланиб, Амир Темур кўчасига чиқмайди. Ушбу ҳудудда йўловчиларга хизмат кўрсатувчи бошқа автобус йўналишлари ҳам мавжуд.
Шунингдек, 141-сонли «Карвон бозори — Пахтакор метроси» йўналишининг айрим қисми қайта ташкил этилади. Янги тартибга кўра, автобус Пахтакор бекатидан Ботир Зокиров ва Алишер Навоий кўчалари орқали ҳаракатланиб, «Алишер Навоий кинотеатри» бекати томон йўналтирилади.
103-сонли «Чилонзор буюм бозори — Чорсу савдо маркази» автобус йўналишида ҳам ўзгариш бўлиб, у Фурқат кўчасидан Алишер Навоий кўчаси орқали ҳаракатланади ва Миллий драма театри бекатига кирмасдан ўтади.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, бугунги кунда шаҳардаги жамоат транспорти тармоғини оптималлаштириш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Хусусан, аввалроқ 13 ва 69-сонли автобус йўналишларига ҳам ўзгартишлар киритилиб, уларнинг ҳаракат йўналиши Изза мавзесидан шаҳар марказигача Пойгоҳ — Гулистон — Қовунчи — Заргарлик кўчалари орқали ташкил этилган эди.
Мазкур янгиланишлар натижасида жамоат транспорти самарадорлиги ошиши ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати янада яхшиланиши кутилмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА