Тошкент зилзиласига бағишланган фотокўргазма
Тошкент музейида Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги ҳамкорлигида “Тошкент зилзиласи – халқлараро бирдамлик нуқтаси” мавзуида архив ҳужжатлари фотокўргазмаси бўлиб ўтди.
Архив ҳужжатлари асосида халқлараро дўстлик, меҳр-оқибат ва инсонпарварлик каби умуминсоний қадриятларни тарғиб қилиш, тарихий хотирани асраш ҳамда ушбу маънавий меросни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида ташкил этилган кўргазмада 1966 йил 26 апрель куни содир бўлган Тошкент зилзиласи мамлакатимиз тарихидаги энг оғир синовлардан бири сифатида қайд этилиб, табиий офат оқибатларини бартараф этиш жараёнида намоён бўлган халқлараро бирдамлик, инсонпарварлик ва ўзаро ҳамжиҳатлик анъаналари фотолар орқали кенг ёритилди.

Тадбирда қайд этилганидек, мазкур фожиа оқибатида пойтахтда катта вайронагарчилик юзага келган бўлса-да, ушбу синов турли миллат ва халқларни ягона мақсад йўлида бирлаштирди. Собиқ иттифоқнинг турли республикаларидан келган минглаб инсонлар Тошкентни тиклаш ишларида фаол иштирок этиб, халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг юксак намунасини намоён этди.
Фотокўргазма доирасида зилзила оқибатлари, вайронагарчилик кўлами, шаҳарни қайта қуриш жараёнлари ҳамда турли халқлар вакилларининг Тошкентни тиклашдаги беқиёс ҳиссасини акс эттирувчи 60 дан ортиқ архив фотосуратлар ва ҳужжатлар намойиш этилди.

Ушбу материаллар орқали Тошкент зилзиласи нафақат табиий офат, балки халқларни яқинлаштирган, инсонларни эзгулик ва ҳамжиҳатлик ғояси атрофида бирлаштирган муҳим тарихий воқеа сифатида талқин этилди.
Тадбир доирасида сўзга чиққан маърузачилар фотокўргазманинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб, архив ҳужжатлари орқали тарихий хотирани тиклаш, ёш авлод қалбида ватанпарварлик ва инсонпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.

Жумладан, “Ўзархив” агентлиги директори Улуғбек Юсупов архив ҳужжатлари халқ хотирасининг ажралмас қисми эканини таъкидлаб, бундай тадбирлар ёшларни тарихий воқеалар билан яқиндан таништиришда муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.
Тадбир иштирокчилари Тошкентнинг қисқа муддатда қайта тиклангани халқлар бирдамлиги ва фидокорона меҳнат самараси эканини алоҳида эътироф этди. Мазкур жараён нафақат шаҳарни қайта қуриш, балки халқлар ўртасидаги дўстлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ишончни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Бу каби архив фотокўргазмалар ёш авлодга тарихдан сабоқ олиш, миллатлараро тотувлик қадрини англаш ҳамда табиий офатларга қарши тайёргарлик маданиятини шакллантиришда муҳим маърифий аҳамиятга эга.
Гулноза Бобоева, ЎзА