Тошкент халқаро марафонга мезбонлик қилади
Шу кунларда пойтахтимизда Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан ўтказиладиган анъанавий VIII Тошкент халқаро марафонига ҳозирлик кўрилмоқда.
Мамлакатимизда ташкил этиб келинаётган энг йирик халқаро марафонлардан бири ҳисобланган Тошкент халқаро марафонида бу йил 30 дан ортиқ давлатдан 15 минг нафардан зиёд спортчилар иштирок этиш талабномаларини тақдим этган.
Саккизинчи йил кетма-кет ўтказилаётган мазкур нуфузли спорт тадбири Халқаро енгил атлетика федерацияси (World Athletics) тақвимидаги мусобақа бўлиб, унда тегишли марра чизиқларини босиб ўтган атлетлар халқаро рейтинг балларига эга бўлади.
Тошкент марафони World Athletics томонидан бериладиган “World Athletics Label” мақомига эга нуфузли халқаро спорт тадбири бўлиб, унда спортчилар классик марафон (42 км), ярим марафон (21 км), 10 километрли ва 5 километрли “Fun Run” йўналишларидаги баҳсларда иштирок этади.
Шунингдек, мазкур марафонда ногиронлиги бўлган спортчилар ўртасида ҳам алоҳида мусобақалар ташкил этилиши режалаштирилган.
Халқаро марафон дастурига мувофиқ, 4 апрель куни очилиш тантаналари, унинг доирасида болажонлар учун турли оммавий спорт тадбирлари ташкил этилиши режалаштирилган.
Пойтахтимиздаги “Ҳумо Арена” мажмуаси майдонида ўтадиган марафоннинг асосий баҳслари 5 апрель куни ташкил этилади.
Т.Рўзиев,
ЎзА