Тошкент халқаро аэропорти Қозондан Nordwind Airlines’нинг илк рейсини қабул қилди
Тошкент халқаро аэропортида Россиянинг Nordwind Airlines авиакомпанияси томонидан йўлга қўйилган Қозон – Тошкент йўналиши бўйича илк мунтазам рейс тантанали равишда кутиб олинди.
Авиация анъанасига мувофиқ, янги йўналишнинг очилиши муносабати билан ҳаво кемаси сув аркаси остида қарши олинди. Илк рейс билан Тошкентга 220 нафар йўловчи етиб келди. Шу куннинг ўзида Тошкентдан Қозон шаҳрига йўл олган қайтиш рейси эса 207 нафар йўловчи билан амалга оширилди.
Эндиликда Қозон ва Тошкент ўртасидаги мунтазам парвозлар ҳафтасига икки марта бажарилади. Рейслар Қозондан душанба ва жума кунлари, Тошкентдан эса сешанба ҳамда шанба кунлари амалга оширилиб, парвоз давомийлиги ўртача 3 соат 30 дақиқани ташкил этади.
Мазкур йўналишда Nordwind Airlines парвозларни амалга ошираётган бешинчи авиаташувчига айланди. Айни пайтда Uzbekistan Airways, Centrum Air, FlyOne Asia ва UVT Aero авиакомпаниялари ҳам Тошкент–Қозон йўналишида мунтазам қатновларни амалга оширмоқда.
2008 йилда ташкил этилган Nordwind Airlines Россиянинг йирик хусусий авиакомпанияларидан бири ҳисобланади. Авиакомпаниянинг асосий базаси Москва шаҳридаги Шереметьево халқаро аэропортида жойлашган бўлиб, унинг маршрутлар тармоғи 200 дан ортиқ йўналишни қамраб олган. Парвозлар Boeing 737, Boeing 777, Airbus A321 ва Airbus A330 русумли замонавий ҳаво кемаларида амалга оширилади.
Янги авиақатновнинг йўлга қўйилиши Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги транспорт алоқаларини янада мустаҳкамлаш, сайёҳлик ва ишбилармонлик сафарлари учун янги имкониятлар яратиш, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги йўловчи ташиш ҳажмини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА