Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Тошкент вилояти ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган фаол тадбирда фуқарони Тошкент шаҳридаги олийгоҳларнинг бирига ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган шахс фош этилди.
Хусусан, 1991 йилда туғилган, Бекобод туманида яшовчи Р.Ж. ўзга шахсдан олий таълим муассасасига сохта ҳужжатлар асосида 4-курсга ўқишга киритиб қўйиш эвазига 2 минг АҚШ доллари талаб қилган. У шундан 1 минг 500 АҚШ долларини олган вақтда ашёвий далиллар билан жиноят устида қўлга олинди. Тўпланган материаллар асосида қонунбузарга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.
***
Нурафшон шаҳрида тиббиёт ходимлари ўртасида “Соғлом танда – сифатли тиббиёт” шиори остида Касаба уюшмаси кубоги учун вилоят босқичи мусобақалари бўлиб ўтди.
“Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ташкил этилган мазкур мусобақада мини футбол, шахмат, шашка, стол тенниси ва волейбол бўйича сараланган жамоаларда 150 нафарга яқин иштирокчилар қатнашди. Айтиш мумкинки, қуйи босқичларда 3 минг 500 нафардан ортиқ тиббиёт ходимлари иштирок этди.
Ғолиб жамоа сертификат, медаллар ва Касаба уюшмаси кубоги билан тақдирланди.

***
Тошкент вилоят ҳокимининг ўринбосари Отабек Султонбеков, Нурафшон шаҳар ҳокими Илҳом Кличханов ҳамда Польша давлатидан келган делегация аъзолари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Даставвал меҳмонларга Нурафшон шаҳрининг инвестициявий муҳити, иқтисодий салоҳияти ва истиқболли лойиҳалари ҳақида батафсил маълумот берилди. Тақдимот давомида саноат зоналари, замонавий инфратузилма, қулай географик жойлашув ҳамда хорижий инвесторлар учун яратилган имкониятлар алоҳида таъкидланди. Шу билан бирга, ҳудудда амалга оширилаётган йирик лойиҳалар ва келгусидаги режалар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Мулоқот давомида томонлар савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, туризм, маданият ва спорт соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Айниқса, саноатнинг муҳим йўналишларидан бири бўлган металлургия соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари алоҳида қайд этилди. Бу борада технологиялар алмашинуви, қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда мутахассислар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
А.Мусаев, ЎзА