Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
9 декабрь – халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан Тошкент вилояти божхона бошқармасида божхона пости ходимлари иштирокида “Масофавий электрон декларациялаш” мавзусида профилактик суҳбат бўлиб ўтди.
Унда божхона тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда ходимларга берилаётган имтиёзлар ҳақида маълумот берилиб, хизмат қилаётган ҳар бир ходим ўзининг хулқ атвори, муомала маданияти, ижрочилик ва хизмат интизоми билан барчага намуна бўлиши таъкидланди. Шунингдек, божхона органлари фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш, соҳани коррупциядан ҳоли тизимга айлантириш борасида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган чора-тадбирлар, уларнинг ижобий натижаси ҳақида сўз борди.

***
Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда патронаж хизмати муҳим ўрин тутади. Айниқса, ҳомиладор аёллар ва ёш болали оилаларда соғлом муҳитни шакллантиришда ушбу хизматнинг ўрни беқиёс.
Шу мақсадда бирламчи тиббий санитария ёрдами тизимида патронаж доялар ўрнини мустаҳкамлаш борасида қатор ишлар қилинмоқда. Жумладан, “Потранаж доя-аёл саломатлиги таянчи” кўрик-танловининг илк бора ўтказилиши ҳам, шулар жумласидандир.
Юқори Чирчиқ тумани “Султонровот” маданият марказида ўтган вилоят миқёсидаги тадбирда туман-шаҳарлардаги танловларда иштирок этган ҳамда вилоят босқичида 14 та номинацияда ғолиб бўлган бир гуруҳ патронаж доялар вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан муносиб тақдирланди.


***
Юртимизда илмли ва маърифатли ёшларни камол топтириш, улғайиб келаётган ёш авлоднинг ижодий ва интеллектуал қобилиятларини ривожлантириш, хорижий тилларга ўқитишни янада оммалаштириш, шунингдек, бундай фаолият билан шуғулланувчи субъектларни қўллаб-қувватлаш борасида қатор ишлар қилинмоқда.
Бугун Тошкент вилоятининг 22 та туман ва шаҳарларида бўлиб ўтган “Ўқув марказлар форуми” ҳам мазкур йўналишдаги амалий ишларнинг давомидир. Жараёнларда иштирокчилар таклиф ва ташаббуслари юзасидан фикр алмашди. Шунингдек, келгуси йилда амалга оширмоқчи бўлган режалари юзасидан ҳисобот берди.
Жорий йил Тошкент вилоятидаги мавжуд 189 та ўқув марказларида 12 минг 302 нафар ёшлар хорижий тиллар ва касб-ҳунарга ўргатилган. 2025 йилда мазкур ўқув марказлар сонини 247 тага етказиш ҳамда унда 17 минг 822 нафар ёшларни хорижий тиллар ва касб-ҳунарга ўқитиш режалаштирилмоқда.


***
Оҳангарон шаҳридаги сектор раҳбарлари ташаббуси ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими томонидан ҳоким ёрдамчилари иштирокида “Аёллар дафтари”га киритилган фуқароларга тикувчилик фаолияти билан шуғулланиш учун тикув машина ва оверлоглар субсидия асосида топширилди.


“Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси” ҳисобидан йўналтирилган мазкур маблағлар тадбиркорликни бошламоқчи ва ўзини-ўзи банд қилиш ниятида бўлганларга имкон беради. Эндиликда аёллар уйда ўтирган ҳолда даромад топишлари ҳам мумкин.
А.Мусаев, ЎзА.