Тошкент шаҳар ҳокимининг шахсий қабулида 60 дан ортиқ мурожаат кўриб чиқилди
Тошкент шаҳар ҳокими суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти билан боғлиқ масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Президент Администрацияси раҳбари қабулига киришни сўраб мурожаат қилган фуқароларни шахсан қабул қилди.
Қабул давомида оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган 60 нафардан ортиқ кишининг мурожаатлари тингланди. Мурожаатлар жиноят ва фуқаролик ишлари, қарзга берилган маблағларни қайтариш, кредитларни сўндиришдаги қийинчиликлар, қурилиши тўхтатилган объектлардаги хонадонлар учун тўловни амалга оширган фуқароларнинг муаммолари, шунингдек, тиббий ва ижтимоий масалалар юзасидан бўлди.
Оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган аёлларнинг мурожаатларига алоҳида эътибор қаратилди ва ҳар бир сўров юзага келган барча ҳолатлар ҳисобга олинган ҳолда индивидуал тартибда кўриб чиқилди.

Мурожаатларнинг 70 фоизи бўйича амалий ёрдам кўрсатилди. Қўшимча ўрганиш ва ҳуқуқий баҳо беришни талаб этадиган масалалар назоратга олинди ҳамда ҳар томонлама кўриб чиқилиб, қатъий қонун доирасида қарор қабул қилиш учун ваколатли органларга юборилади.
Қайд этилганидек, мазкур тизимли ишларнинг бош мезони — Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан белгилаб берилган «Инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари сўзсиз устувор бўлиши керак» деган эзгу тамойилнинг амалдаги ёрқин ифодаси.
Гулноза Бобоева,
ЎзА