Тўртинчи миллий дастур: экологик масъулият — тараққиётимизнинг муҳим шарти
Мустақиллигимизнинг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимда давлатимиз раҳбари еттита устувор йўналишда миллий дастурларни илгари сурди. Унинг ҳар бир йўналиши бугунги ислоҳотларимизнинг мантиқий давоми сифатида янги сифат босқичларига эришишга қаратилган. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулчеҳра Тожибоева ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
— Президент Шавкат Мирзиёевнинг тарихий нутқида мамлакатимизнинг янги тараққиёт босқичи учун муҳим устувор вазифалар белгилаб берилди. Улар орасида сув ва табиатга муносабатни тубдан ўзгартириш, экологик барқарорликни таъминлаш, “Яшил макон” умуммиллий ҳаракатини янги сифат босқичига олиб чиқиш каби вазифалар алоҳида аҳамиятга эга. Бу вазифалар замирида жуда муҳим бир ғоя мужассам: энди тараққиётни табиатдан айро тасаввур қилиб бўлмайди.
Бугун иқлим ўзгариши, сув ресурсларининг чеклангани, ҳаво ифлосланиши, ер ва сув экотизимларига босимнинг кучайиши бутун инсоният олдида турган жиддий муаммолардир. Шу боис, экологик хавфсизликни таъминлаш фақат соҳавий вазифа эмас, балки иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий тараққиётнинг муҳим шартига айланмоқда.
Ўзбекистон Экологик партияси вакили сифатида Президентимиз нутқида илгари сурилган экологик устуворликларни мамлакатимизда инсон учун муносиб, соғлом ва хавфсиз муҳит яратишга қаратилган стратегик сиёсатнинг мантиқий давоми, деб баҳолаймиз.
Президент нутқида келгуси беш йилда экин майдонларида сув тежайдиган технологиялар қамровини 100 фоизга етказиш вазифаси белгиланди. Бу рақам ортида улкан стратегик мақсад бор. Сув — қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги, аҳоли фаровонлиги ва иқтисодий барқарорликнинг асосий ресурсларидан бири. Шунинг учун сувдан самарали фойдаланиш фақатгина бугунги куннинг эмас, балки келажак авлодлар олдидаги масъулият масаласидир.

Томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш, рақамли технологиялар асосида сув сарфини ҳисобга олиш, йўқотишларни камайтириш каби ёндашувлар энди танлов эмас, замон талабидир. Бироқ, сув тежамкорлиги фақат технология билан таъминланмайди. Бунинг учун жамиятда сувга муносабат ҳам ўзгариши керак. Ҳар бир хонадонда, ҳар бир корхонада, ҳар бир фермер хўжалигида сувни асраш маданияти шаклланса, бу умуммиллий экологик натижага айланади.
“Яшил макон” умуммиллий ҳаракати мамлакатимиз экологик сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Энди асосий вазифа — уни янги сифат босқичига олиб чиқиш. Бу эса, аввало, кўчат экиш билан бирга уни парваришлаш, асраш ва яшовчанлигини таъминлашга устувор аҳамият беришни англатади.
Дарахт — оддий яшиллик эмас. У тоза ҳаво, соя-салқинлик, шаҳар микромуҳитини яхшилаш, чанг ва иссиқлик таъсирини камайтириш, инсон саломатлигини муҳофаза қилишга хизмат қиладиган табиий бойликдир. Шу нуқтаи назардан, мактаб, мактабгача таълим ташкилоти, шифохона ва кўп қаватли уйлар атрофидаги яшил ҳудудларни жамиятнинг дахлсиз бойлиги сифатида муҳофаза қилиш вазифаси ниҳоятда муҳим.
Бугун биз кўчат экишни эмас, яшил инфратузилмани барпо этишни мақсад қилишимиз керак. Яшил ҳудудларнинг миқдори билан бир қаторда сифати, парвариши, суғориш тизими ва узоқ муддатли муҳофазаси ҳам доимий назоратда бўлиши лозим.
Президентимиз нутқида маҳаллани жамият тараққиётининг асосий буюртмачисига айлантириш ғояси илгари сурилди. Бу ёндашув экологик сиёсат учун ҳам катта имкониятлар очади. Чунки экологик муаммо, энг аввало, маҳаллада кўринади. Кўчанинг тозалиги, чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиш, ариқ ва каналларнинг ҳолати, яшил ҳудудларнинг сақланиши, сув таъминоти, ҳаво сифати — буларнинг барчаси инсоннинг кундалик ҳаёти билан боғлиқ. Шу боис, маҳалланинг экологик эҳтиёжлари ҳам ҳудудий дастурлар ва инфратузилма лойиҳаларини шакллантиришда муҳим мезонга айланиши зарур.
Маҳалла аҳолиси қайси ҳудудга дарахт экиш, қаерда яшил майдон ташкил этиш, қайси ариқ ёки канални тартибга келтириш, чиқиндиларни бошқаришда қандай муаммо борлигини энг яхши билади. Демак, экологик тараққиётнинг энг самарали модели — аҳоли эҳтиёжидан бошланадиган моделдир.
Президентимиз таъкидлаганидек, табиатга муносабат халқнинг маданияти, давлатнинг масъулияти ва тараққиётнинг сифат кўрсаткичидир. Бу фикр экологик сиёсатнинг мазмун-моҳиятини тўла ифода этади. Қонунлар ва назорат механизмлари қанчалик мукаммал бўлмасин, инсоннинг ўзи табиатни асрашни ўзининг ички эҳтиёжи ва бурчи деб билмаса, кутилган натижага эришиш қийин.
Шунинг учун экологик маданиятни оила, маҳалла ва таълим муассасаларидан бошлаш зарур. Болага дарахтни асрашни, сувни тежашни, чиқиндини белгиланган жойга ташлашни ўргатиш — аслида унга Ватанга масъулият билан муносабатда бўлишни ўргатишдир. Экологик тарбия бугунги кун учун эмас, эртанги кун учун бериладиган энг муҳим тарбиядир.
Янги Ўзбекистон тараққиётида иқтисодий ўсиш ва экологик барқарорлик бир-бирига зид тушунчалар эмас. Аксинча, ресурсларни тежаш, энергия самарадорлигини ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш, чиқиндиларни қайта ишлаш ва экологик тоза технологияларни жорий этиш янги иқтисодий имкониятларни яратмоқда.
Экологик сиёсатни инсон саломатлиги, ижтимоий ҳимоя ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш сиёсати билан уйғунлаштириш бугунги куннинг муҳим талабидир. Парламентда экологик масалаларни қонунчилик ва парламент назорати нуқтаи назаридан изчил илгари суриш, аҳоли мурожаатларида кўтарилаётган экологик муаммоларни тизимли ўрганиш ва уларнинг амалий ечимига эришиш борасида депутатларнинг масъулияти ҳам шунга яраша ортиб бормоқда.
Хулоса ўрнида айтганда, табиатни фақат асраш эмас, балки инсон ва табиат уйғунлигини таъминлайдиган янги тараққиёт маданиятини шакллантириш бугунги вазифамизга айланиши лозим. Зеро, Янги Ўзбекистоннинг янги қиёфаси нафақат замонавий шаҳарлар ва обод маҳаллаларда, балки тоза ҳаво, мусаффо сув, яшил ҳудудлар ва табиатга масъулиятли муносабатда ҳам намоён бўлади.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди, ЎзА