Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги уч йўналишда эътироф этилди
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги “Сифатли давлат бошқаруви” дастури доирасида бир вақтнинг ўзида учта номинация бўйича ҳукумат мукофотига сазовор бўлди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати маълум қилди.
Маълум қилинишича, жорий йил 22 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтказилган тадбирда дастур ғолиблари эълон қилинган. Вазирлик интеграциялашган қўллаб-қувватлаш механизмлари, ресурсларни бошқариш ва оптималлаштириш ҳамда инсон капиталини бошқариш йўналишларида эътироф этилган.
2022 йилда ташкил этилган вазирлик учун ушбу натижа қисқа муддатда амалга оширилган институционал ислоҳотларнинг амалий баҳоси бўлди. Шу даврда геологик қидирувдан тортиб қазиб олиш, қайта ишлаш ва маҳаллийлаштириш жараёнлари ягона тизимга бирлаштирилиб, бошқарув ва режалаштиришда янги ёндашув жорий этилди.
Стратегик режаларга кўра, 2023-2030 йилларда геологик қидирув ҳудудлари 60 минг квадрат километрга кенгайтирилади, маҳаллийлаштириш ҳажми 2 миллиард долларга етказилади ҳамда тармоқ корхоналари тўлиқ рақамлаштирилади. Бу жараёнда йирик корхоналар ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Навоий кон-металлургия комбинати йилига 98,2 тонна олтин ва 23,6 тонна кумуш, Олмалиқ кон-металлургия комбинати эса 148,5 минг тонна мис, 20,3 тонна олтин ва 161,6 тонна кумуш ишлаб чиқармоқда.
Ресурсларни бошқариш ва оптималлаштириш йўналишида ҳам сезиларли натижалар қайд этилган. Саноат активларининг 100 фоизи қайта фойдаланишга йўналтирилган, геологик қидирув ишларида сув сарфи 20 фоизга камайтирилган. Сунъий интеллект асосида таннарх 15 фоизга, энергия истеъмоли эса 12 фоизга қисқарган. Шунингдек, GIS технологиялари ҳисобига қидирув аниқлиги 25 фоизга ошган.
Тармоқда 36 мингдан ортиқ рақамлаштирилган ҳисобот ва 47 минг эксплуатацион қудуқ маълумотларини ўз ичига олган Миллий геологик ахборот омбори шакллантирилган. У ҳозирда таҳлил ва қарор қабул қилиш жараёнларининг асосий манбаси бўлиб хизмат қилмоқда.
Иқтисодий кўрсаткичларга кўра, 2025 йил якунларида тармоққа жалб қилинган инвестициялар ҳажми 2,55 миллиард долларга етган (режа 111,5 фоиз), экспорт 1,71 миллиард доллар (106,6 фоиз)ни ташкил этган. Қазиб олиш ҳажми эса 44,8 триллион сўмдан 49,1 триллион сўмгача ўсган. Шу билан бирга, инсон капиталини ривожлантириш йўналишида 350 дан ортиқ янги кўникмалар жорий этилган, 10 нафар мутахассис юқори лавозимларга кўтарилган, 253 нафар ходим давлат мукофотлари ва фахрий унвонлар билан тақдирланган.
Эътиборлиси, ушбу эътироф вазирликда жорий этилган замонавий бошқарув тизими, рақамли ёндашув ва самарадорликка йўналтирилган ислоҳотларнинг амалий натижасини кўрсатади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА