Тинчлик қишлоғи йўли таъмирланмоқда
Президент ташрифидан сўнг
2025 йил декабрь ойида Президентимизнинг Жиззах вилоятига ташрифи чоғида ҳудудларда инфратузилмани яхшилаш, аҳоли турмуш шароитини юксалтиришга қаратилган аниқ вазифалар белгилаб берилган эди. Айниқса, ички йўлларни таъмирлаш, чекка қишлоқларнинг транспорт билан боғлиқ муаммоларини бартараф этиш устувор йўналишлардан бири сифатида қайд этилган.
Мазкур топшириқлар ижроси доирасида Зафаробод тумани “Нурафшон” маҳалла фуқаролар йиғини Тинчлик қишлоғига олиб кирувчи, йиллар давомида таъмирталаб аҳволда бўлиб келган маҳаллий аҳамиятга эга йўлда кенг кўламли ишлар бошланди.
[gallery-28730]
Кўп йиллар мобайнида ушбу йўлнинг носоз ҳолати маҳалла аҳолиси учун жиддий муаммога айланган эди. Айниқса, ёмғирли кунларда йўл бутунлай яроқсиз ҳолга келиб, транспорт ҳаракати издан чиқар, пиёдалар учун эса юриш азобга айланарди. Бу ҳолат нафақат кундалик турмушни қийинлаштирган, балки тез тиббий ёрдам, ёнғин хавфсизлиги, таълим ва бошқа ижтимоий хизматлардан фойдаланишда ҳам қатор тўсиқларни келтириб чиқарган.
Аҳоли мурожаатлари асосида муаммо атрофлича ўрганилиб, мутасадди ташкилотлар томонидан аниқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Бугунги кунда ушбу йўлда амалий ишлар жадал суръатларда олиб борилмоқда.
Хусусан, йўлнинг асосий қисми текисланиб, замонавий талаблар асосида асфальт ва бетон қопламаси ётқизилмоқда. Қурилиш жараёнида сифат ва муддат масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, илғор техника ҳамда замонавий қурилиш материалларидан фойдаланилаётгани эътиборга молик.
Энг муҳими, бу ишлар оддий йўл таъмири эмас, балки аҳолининг йиллар давомида тўпланиб келган муаммосига аниқ ва тизимли ечим бўлмоқда. Бу эса Президент ташрифи чоғида белгиланган вазифалар жойларда қандай амалий натижа бераётганининг яққол ифодасидир.
Шубҳасиз, яқин кунларда фойдаланишга топширилиши кутилаётган мазкур йўл Тинчлик қишлоғи аҳолиси ҳаётига янги қулайликлар олиб кириб, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожига муносиб ҳисса қўшади.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (видео,сурат), ЎзА